Ўзбeкистон — Тожикистон сиёсий маслаҳатлашуви тўғрисида

Душанбе шаҳрида Ўзбекистон ва Тожикистон ташқи ишлар вазирлари Абдулазиз Комилов ва Сирожиддин Муҳриддин икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболи тўғрисида сиёсий маслаҳатлашув ўтказди.

Мулоқот чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, сув-энергетика, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик ҳамда БМТ, ЕХҲТ, ШҲТ, МДҲ, Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси каби тузилмалар доирасидаги алоқаларни янада фаоллаштириш масаласи муҳокама қилинди.Давлат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси ва қўллаб-қувватлаши натижасида Ўзбекистон — Тожикистон муносабатлари сўнгги йилларда сифат жиҳатдан янги даражага кўтарилгани ва бу борада барқарор ўсиш суръати кузатилгани қайд этилди. Икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси мисли кўрилмаган даражада ортиб боряпти. 2019 йил якунларига кўра, ушбу кўрсаткич 500 миллион АҚШ долларини ташкил этди.Коронавирус инфекцияси пандемияси билан боғлиқ чеклов чораларига қарамай, жорий йил январь — июль ойларида ўзаро товар айрибошлаш ҳажми 7,5 фоиз ўсиб, 255,4 миллион долларни ташкил этгани таъкидланди.

Вазирлар пандемия шароитида кўрсатилаётган ўзаро кўмак Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстлик, яқин ҳамкорлик муносабатларидан гувоҳлик беришини эътироф этдилар.

Музокара давомида Қирғизистонда ўтказилиши режалаштирилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Учинчи Маслаҳатлашув учрашувига тайёргарликнинг бориши тўғрисида ҳам фикр алмашилди.

 

ЎзА