Олий Мажлис Қонунчилик палатасида
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, юрак-қон томир, саратон, қандли диабет ва нафас аъзолари каби юқумли бўлмаган, касалликлар дунё бўйича глобал муаммога айланиб, инсон саломатлигига жиддий хавф туғдирмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳам мазкур касалликлардан азият чекаётган инсонлар сони ошиб бормоқда. Маълумки, юқумли бўлмаган касалликларни келтириб чиқарувчи омилларга нотўғри овқатланиш, носоғлом турмуш тарзи, жисмоний фаоллик етарли бўлмаслиги, тамаки ва алькогол маҳсулотларини сурункали истеъмол қилиш, ортиқча тана вазни, мева ва сабзавотларни етарли миқдорда истеъмол қилмаслик ва бошқалар киради.
Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази томонидан 2019-2022 йилларда юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари дастурининг ижросини таъминлаш бўйича онлайн анжуман ташкил этди.
Юртимизда юқумли бўлмаган касалликларни ўз вақтида аниқлаш ва унга қарши курашишда зарур чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2018 йилдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ва қарори билан тасдиқланган “2019-2022 йилларда юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллиги даражасини ошириш концепцияси” ҳамда “2019-2022 йилларда юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари дастури” соҳани ривожлантиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Соҳани ислоҳ қилиш доирасида мазкур марказ ва унинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилган бўлиб, ушбу тизимда 800 дан зиёд ходим фаолият юритмоқда. Соғлом турмуш тарзини шакллантириш, юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш масалалари бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш, умрни узайтириш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга оид аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва тавсияларни татбиқ этишга кўмаклашиш, юқумли бўлмаган касалликларнинг хавф омилларини ўрганиш, сифатнинг замонавий халқаро стандартларига мувофиқ озиқ-овқат маҳсулотларининг асосий турларини мамлакатимизда ишлаб чиқаришни кенгайтиришга қаратилган илмий-амалий тадқиқотлар ўтказиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, зарарли одатларга қарши курашиш, аҳолининг тиббий маданиятини ривожлантириш, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва оммавий спорт ҳаракатини тиббиёт профилактикаси билан интеграциялаш, бу борада оммавий тадбирларни ўтказиш марказ фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланган.
Мазкур йўналишда муайян ишлар амалга оширилган. Хусусан, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари амалиётига ЖССТнинг бир қатор юқумли бўлмаган касалликлар бўйича клиник протоколлари, стандартлари ҳамда тавсияларининг талаблари жорий қилинган. Қирқ ва ундан катта ёшдаги аҳолида ноинфекцион касалликларнинг хавфли омиллари бўйича скрининг тадбирларини ўтказиш йўлга қўйилган бўлиб, ўтган даврда 829 минг 689 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилган. Шундан, 11,5 фоизида юрак-қон томир касалликлари, 4,5 фоизида қандли диабет, 2,8 фоизида ўпканинг сурункали касалликлари, 1 фоизида ўсма касалликлари ҳамда 8,7 фоизида бошқа касалликлар ўз вақтида аниқланган.
Марказ томонидан мутасадди вазирликлар билан қўшма қарор қабул қилиниб, жойларда аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини юритишни кенг тарғиб қилиш учун шарт-шароитлар яратиш борасида “Саломатлик мактаб”лари фаолияти йўлга қўйилган. Тиббиёт ва тиббий таълим муассасаларида ҳафтанинг шанба куни “Саломатлик куни” деб белгиланиб, жисмоний тарбия оммавий тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Шунингдек, “Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигининг гигиеник нормативлари” янгидан қабул қилинган.
Халқ вакиллари томонидан корхона ва муассасаларда соғлом овқатланиш ва жисмоний фаолликни амалга ошириш бўйича яратилган шароитларни мониторинг қилиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Жамоатчилик назорати кенгашини тузиш, соғлом турмуш тарзига риоя қилишга онгли равишда ёндашишга эришиш учун тарғиботнинг инновацион усулларини жорий этиш бўйича таклифлар билдирилди.
М.Тошқораева, ЎзА