COVID-19 билан боғлиқ статистик рақамлар қандай шакллантирилади?

Ижтимоий тармоқларда ўқитувчиларнинг аксариятида COVID-19 аниқлангани тўғрисидаги хабарлар кенг тарқалди. 
Жумладан, Самарқанд вилоятининг Пайариқ ва Жомбой туманларида 100 нафарга яқин педагогларда вирус аниқлангани айтилди. Яна айтилишича, Бухорода ҳам ушбу вирусга чалинган педагог ходимлар кўпчиликни ташкил этар экан. Аммо бу борада Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан аниқ статистик маълумотлар берилмади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида мамлакатимизда коронавирус билан боғлиқ ҳолат юзасидан ўтказилаётган брифингда шу каби саволларга жавоб берилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Нурмат Отабековнинг таъкидлашича, ушбу соҳа ходимларининг қанчаси COVID-19га текширилганлиги ва улардан қанчаси мусбат натижа берганини алоҳида кўрсатишдан ҳеч қандай мантиқ ва манфаат йўқ.
– Статистик рақамлар шаклланишида COVID-19га лаборатория усулида текширилиб, мусбат натижа олинганларнинг барчаси инобатга олинади, – дейди Н.Отабеков.– Ўқитувчилар орасида аниқланган касалликлар сони умумий касалланганлар статистикасига киритиб борилаяпти.
Бироқ аҳолига тарқатилаётган статистик рақамларда ўқитувчилар алоҳида тоифаларга (касб билан боғлиқ) ажратиб кўрсатилмаяпди. Бу соҳа ходимларининг қанчаси COVID-19га текширилганлиги ва улардан қанчаси мусбат натижа берганлигини алоҳида кўрсатишдан ҳеч қандай мантиқ кўрмаяпмиз. Ахир касалланганларнинг барчаси статистикага киритилганлигининг ўзи етарли эмасми!?

 

Моҳигул Қосимова, ЎзА