Адлия вазирлиги мутахассислари аҳолидан тушаётган саволларга жавоб беришда давом этмоқда.
Навбатдаги саволларга вазирлик жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Севара Ўринбоева жавоб берди:
Савол: Фуқаролик паспортлари ўрнига ID-карталар жорий этилаётгани ҳақида ўқидим. Ушбу тартиб қачондан бошланади?
Жавоб: “Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонига мувофиқ фуқаролар учун бериладиган биометрик паспорт ўрнига ID-карталар жорий этилади.
Фуқароларнинг биометрик паспортлари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахс ва чет давлат фуқароларининг яшаш гувоҳномаларини идентификация ID-карталарига алмаштириш: биринчи босқичда 2021 йил 1 январдан 2022 йил 31 декабргача ихтиёрийлик асосида 16 ёшга тўлганда ҳамда қонунчиликда кўзда тутилган бошқа сабабларга кўра; иккинчи босқичда 2023 йил 1 январдан 2030 йил 31 декабргача мажбурий тартибда амалга оширилади.
Президент фармонига кўра, биометрик паспорт ўрнига жорий этилаётган идентификация ID-карталарини олиш ва алмаштириш учун фуқароларга исталган ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига, уларни алмаштириш учун эса давлат хизматлари марказларига ҳам мурожаат қилиш имконияти яратилади.
Савол: Корхонам умумий овқатланишга ихтисослашган. Карантин чекловлари сабаб қийналиб қолдим. Менга ёрдам сифатида қўшимча имтиёз борми?
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 20 июлдаги фармонига асосан умумий овқатланиш корхоналарига қуйидаги имтиёзлар берилган:
2020 йил 1 июлдан 2020 йил 31 декабрга қадар умумий овқатланиш корхоналари ва биноларни ижарага беришга ихтисослашган корхоналар айланмадан олинадиган солиқни тўлашдан озод этилади;
2020 йил 1 апрелдан 2020 йил 31 декабрга қадар умумий овқатланиш корхоналари алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғимни тўлашдан озод қилинади; умумий овқатланиш корхоналарига алкоголь маҳсулотларини етказиб бериш орқали сотиш ҳуқуқи берилади;
умумий овқатланиш корхоналари учун кичик тадбиркорлик субъектларига татбиқ этилган имтиёзлар ва преференцияларни қўллаган ҳолда, уларни кичик корхоналар тоифасига киритиш мақсадида 2020 йил 1 июлдан бошлаб умумий овқатланиш корхоналари учун белгиланган ходимларнинг йиллик ўртача сони 25 нафардан 50 нафарга оширилди;
2021 йил 1 июлга қадар умумий овқатланиш корхоналари карантин чекловларининг бекор қилинишига қараб туман (шаҳар) ҳокимликларини хабардор қилиш орқали истеъмолчиларга овқатланиш хизматларини кўрсатиш учун ўзларига туташ бўш ер участкаларида енгил конструкцияларни бепул жойлаштириш ва қуриш ҳуқуқига эга.
Савол: Фарзандликка олишни расмийлаштиришда ФҲДЁ органига қандай ҳужжатлар тақдим этилади?
Жавоб: “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида иш юритиш тартиби тўғрисида”ги йўриқномада белгиланишича фарзандликка олишни расмийлаштириш учун ФҲДЁ органига суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қароридан кўчирма, фарзандликка олинувчининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси, шунингдек фарзандликка олувчиларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари тақдим этилади.
Фарзандликка олувчилар икки ёки ундан кўп болани бир вақтда фарзандликка олган ҳолларда ҳар бир бола учун алоҳида суднинг ҳал қилув қарори тақдим этилиши керак. Агар ушбу масалада суд томонидан битта ҳал қилув қарори қабул қилинган бўлса, мазкур ҳал қилув қарорининг нусхалари фарзандликка олинаётган болаларнинг сонига мутаносиб миқдорда тақдим этилиши ҳамда ҳар бир қарорга алоҳида кирим ва ижро ҳақида белги қўйилиши лозим.
Савол: Бошлиғим мени вазифамга кирмайдиган ишларни қилишга мажбурлайди. Акс ҳолда ишдан бўшатишини айтиб қўрқитади. Шундай қилишга унинг ҳаққи борми?
Жавоб: Меҳнат кодексининг 7-моддасига кўра мажбурий меҳнат деганда бирон-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали ходимни иш бажаришга мажбурлаш тушунилади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасига асосан меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш, БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима, худди шундай ҳуқуқбузарлик вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган бўлса БҲМнинг 70 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Жиноят кодексига асосан меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно, худди шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, БҲМнинг 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 4 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Худди шундай ҳаракат вояга етмаган шахсга нисбатан худди шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, БҲМнинг 150 бараваридан 200 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Муаттар Рўзибоева, ЎзА