Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида биринчи ва олий тоифа бӱйича педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш учун малака (тест) синовлари бӱлиб ӱтмоқда.
Ӱзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2019 йил 13 майдаги “Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва мактабдан ташқари давлат таълим муассасалари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига мувофиқ педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби белгиланди.
Аттестацияни ўтказишнинг асосий мақсади, ўқув фани бўйича малакаси, дарс ўтиш маҳорати, меҳнати самарадорлиги ва ижтимоий-сиёсий билимларини оширган педагог кадрларни рағбатлантириш, иш ҳақи миқдорини ошириш имкониятларини яратиш, хорижий тилларни ўрганишни қўллаб-қувватлаш, компьютер техникаси ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш бўйича амалий кўникмаларга эга бўлишнинг мажбурийлигини таъминлашдан иборат.
Қорақалпоқ давлат университетида педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш малака (тест) синовлари карантин қоидаларига амал қилган ҳолда юқори савияда ташкил этилган. Жумладан давогарлар оралиқ масофа сақланган ҳолда ҳарорати ўлчаниб, шахси тасдиқлангач синов ҳудудига киритилмоқда.
–Юқорида қайд этилган қарорга мувофиқ бир қатор имкониятлар ҳам берилган, –дейди Ӱзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими бош мутахассиси Фарҳод Бабаназаров.
–Авваллари давогарлар аттестациядан уч босқичда, яъни ўқув фани бўйича тест, дарс ўтиш маҳорати, меҳнат фаолияти самарадорлигини ӱрганиш ва суҳбатдан ўтар эди. Мазкур Низом бўйича суҳбат олиб ташланди. Иккинчидан педогог кадрлар аттестициядан ҳар 5 йилда бир марта ўтар эди, эндиликда навбатдан ташқари малака тоифаларини ошириш имкониятига эга бӱлдилар.
Малака (тест) синовларида биринчи ва олий тоифаларга давогар мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар (профессионал таълим) ва вазирлик тасарруфидаги давлат таълим муассасаларидан 3090 нафар педагог кадр жалб қилинган. Шундан биринчи куни 406 нафар, иккинчи куни 683 нафар, учинчи куни 438 нафар педагог кадр малака (тест) синовини топширган бўлса, бугун 400 нафардан ортиғи иштирок этмоқда.
–Тест синовлари ошкоралик ва ҳалоллик билан ӱтмоқда, – дейди Беруний тумани 38-умумтаълим мактаби технология фани ўқитувчиси Нилуфар Искандарова. – Қулайлик томони шундаки, тест натижалари шу заҳоти маълум бўлади. Педагог кадрлар навбатдаги аттестацияни кутмасдан навбатдан ташқари ҳам тест синовларини топшириш имкониятига эга. Бу эса, ўз устимизда кўпроқ ишлаб, билим ва маҳоратимизни ошириб боришимизни тақозо этади.
Педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш бўйича малака (тест) синовлари 26 сентябр шанба кунигача давом этади.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА