Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида

Кейинги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган прагматик очиқ сиёсат туфайли янги Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузи тобора ортаётгани бир қатор халқаро рейтинг кўрсаткичларида ҳамда нуфузли анжуманларда эътироф этилмоқда.
Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси етмиш бешинчи юбилей сессиясининг юқори даражадаги умумсиёсий мунозараларида иштирок этиб, ўзбек тилида нутқ сўзлагани унутилмас тарихий воқеа бўлди. Энг муҳими, Ўзбекистон раҳбари халқаро ҳамжамият эътиборига минтақавий ва глобал аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини тақдим этди, мамлакатимизни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилишнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.
Давлатимиз раҳбари минтақада ва глобал миқёсда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, барқарор тараққиёт, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, конструктив мулоқотни кенгайтириш, шунингдек, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоси, қашшоқликка барҳам бериш ва камбағалликни қисқартириш масалалари каби замонавий хатар ва таҳдидларга қарши қаратилган қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.
Аслида кейинги йилларда юртимизда ташкил этилаётган нуфузли халқаро конференциялар, форумлар, маданий тадбирлар Ўзбекистонни нафақат Марказий Осиёнинг, балки дунёнинг замонавий маданий-маърифий марказларидан бирига айланиб бораётганини англатади. Президентимиз таъкидлаганидек, Ўзбекистонда янги бир уйғониш – учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда.
Инсониятнинг илк тамаддуни билан тенгдош бўлган диёримизда милоддан кейинги даврда иккита улкан уйғониш тўлқини жўш урганига тарих гувоҳ. Лекин, бугунги замонавий илм-фан ютуқлари айнан бизнинг ҳудудда кечган буюк ренессанс туфайли юзага келган кашфиётлар асосига қурилганини ҳамон дунё аҳлига бор маҳобати билан кўрсата олганимиз йўқ.
Қолаверса, Ўзбекистон Буюк ипак йўлидаги қулай географик жойлашуви туфайли халқаро савдо, маданий, илмий ва ақл-заковат алмашинувида муҳим бўғин бўлиб хизмат қилган. Шарқ ва Ғарб цивилизациялари ўртасидаги мулоқот ривожига беқиёс ҳисса қўшган.
Афсуски, Марказий Осиё халқларининг бугунги жаҳон тараққиётидаги улуши бор кўлами билан ҳали ҳам тўлиқ ўрганилмаган. Айниқса, Ўзбекистонимизнинг бебаҳо маданий меросини дунё аҳли учун деярли очилмаган хазина сифатида баҳолаш мумкин.
Бу ҳақда гап кетганда, Президентимизнинг Париж ва Самарқанд шаҳрларида БМТнинг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти – ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле билан ўтказилган учрашувлардаги хулосаларни эслаш ўринли. Хусусан, Самарқанддаги учрашувда халқимизнинг ноёб маданий-тарихий меросини асраш соҳасида ҳамкорлик қилиш ва бу борадаги алмашинувларни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилишига келишилганди. Юртимизда бой маданий меросни асраб-авайлаш, туризм салоҳиятини рўёбга чиқариш, таълим ва фан, атроф-муҳит муҳофазаси соҳаларида муҳим ўзгаришларни амалга ошириш борасидаги ислоҳотлар ижобий натижалар бераётгани мамнуният билан қайд этилганди.
Бугунги кунда 195 та мамлакат аъзо бўлган ЮНЕСКО ташкилоти 1945 йилдан буён таълим, фан, маданият, коммуникациялар, туризм соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш орқали тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга кўмаклашиб келмоқда. Ўзбекистон билан ЮНЕСКО алоқаларини ривожлантиришга қаратилган 2021 йилгача ҳамкорлик дастури доирасида мамлакатимизда бир қатор лойиҳалар амалга оширилди.
Хивадаги “Ичан қалъа” мажмуаси, Самарқанд, Бухоро ва Шаҳрисабзнинг тарихий марказлари, шунингдек, Чотқол биосфераси ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган. Шошмақом, Бойсун маданий макони, Наврўз, Катта ашула, Аския, Палов маданияти ва анъанаси, Хоразм лазгиси каби меросларимиз ташкилотнинг Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатидан жой олган бўлса, Марғилон ҳунармандчилик мактаби: атлас ва адрас тўқиш технологияси энг илғор тажриба реестридан ўрин эгаллади.
“Шарқ тароналари”, бахшичилик санъати, ҳунармандчилик ва фольклор санъати фестиваллари ҳамда Мақом санъати анжумани каби қатор йирик халқаро тадбирлар ЮНЕСКО ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
Ўзбекистоннинг етакчи олий таълим муассасаларида “Дунё динларини қиёслама тадқиқ этиш”, “Сув дипломатияси, сув ресурсларини бошқариш ва атроф-муҳит муҳофазаси”, “Маданият туризми” каби ЮНЕСКО кафедралари очилмоқда.
Нуфузли халқаро ташкилот билан ҳамкорликда 2021 йилда Хива шаҳрида “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” мавзусида халқаро форум ўтказилиши кўзда тутилган. Мазкур форум минтақамиз халқларининг дунё тамаддунига қўшган бемисл ҳиссаси ҳақида кенг қамровли фикр билдириш учун минбар вазифасини ўтайди.
Ҳеч шубҳасиз, бу ўринда асосий улуш Ўзбекистон тегишли. Қадим карвон йўллари бизнинг еримиздан ўтган. Кўҳна шаҳарларимиз ва бозорларимизда юзлаб лаҳжалар жаранглаган. Дунё мамлакатларининг ўзаро савдо ва маданий алоқларида ўзбек тупроғи кўприк воситасини ўтаган. Бугунги кунда ҳам Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасининг нафақат географик, балки маданий-тарихий ва маънавий маънода юраги ҳисобланади.
Янги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида “Марказий Осиё – бош устувор йўналиш” тамойили изчил ҳаётга татбиқ этилиши минтақада мутлақо янги сиёсий муҳит яратиш, ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик асосидаги алоқаларни мустаҳкамлаш имконини берди. Бугунги кунда мамлакатимизнинг Марказий Осиё давлатлари билан дипломатик, сиёсий, савдо-иқтисодий алоқалар билан бир қаторда маданий-гуманитар соҳаларидаги алоқалар ҳам изчил ривожланиб бормоқда. “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” халқаро форуми минтақадаги интеграцион ислоҳотларнинг бугуни ва истиқболини мутахассислар томонидан чуқур таҳлил қилиш ва баҳолаш учун ҳам яхшигина муҳокама майдони вазифасини бажаради.
Шунингдек, мамлакатимизнинг янги ташқи сиёсатини амалга оширишда “маданий дипломатия” воситаларидан самарали фойдаланиш имконини беради. Ўзаро чегарадош давлатлар жамоатчилиги ўртасида “Марказий Осиё” деб номланган ягона минтақага дахлдорлик туйғусини янада кучайтиришга хизмат қилади, бу аҳил қўшничилик ва давлатлараро муносабатларни ривожлантиришнинг муҳим омили ҳисобланади.
Бундай форумлар халқаро илмий ҳамжамиятнинг Марказий Осиё халқлари илмий ва интеллектуал меросини ўрганишга бўлган қизиқишини оширишда муҳим ўрин тутади. Қолаверса, маданий ва тарихий меросни тиклаш ва оммалаштириш бўйича Марказий Осиёда кўрилаётган чора-тадбирларга жаҳон ҳамжамияти эътиборини ва ёрдамини жалб қилиш ҳамда кўҳна Хива ва умуман Ўзбекистоннинг сайёҳлик брендини тарғиб этишга хизмат қилади.
ЮНEСКО билан биргаликда Марказий Осиё бўйича йирик халқаро маданий тадбир ташкил этилиши ушбу нуфузли халқаро тузилма билан ўзаро ишончли алоқаларни янада мустаҳкамлаб, янги сифат босиқичига олиб чиқишида муҳим омил бўлиб қолади.
Бахтиёр САЙФУЛЛАЕВ, 
Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт қўмитаси раиси

 

ЎзА