Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятда муносиб ўринга эга эканлигини яна бир бор намойиш этди

Президентимизнинг Бирлашган Миллат Ташкилоти Бош Ассамбелиясининг 75-сессиясида сўзлаган нутқи ҳақиқатан ҳам тарихий воқеа бўлди. 
Аввало халқаро ҳамжамиятнинг энг юксак минбарида ўзбек тилининг жаранглаши бутун дунёдаги туркийзабон халқларнинг қалбида фахрланиш ўйғотгани табиий.
Бугун бу тарихий нутқ уйларда, оила даврасида, меҳнат жамоаларида, жамоат жойларида кенг муҳокама бўлаётир. Чунки, давлатимиз раҳбарининг энг катта халқаро ташкилотининг энг юксак минбарида сўзлаган нутқида кўтарилган барча масалалар бутун дунё учун нечоғли муҳим аҳамиятга эга бўлса, айни пайтда ҳар бир оиланинг, ҳар бир инсоннинг ҳаётига ҳам бевосита дахлдордир.
Хусусан, пандемия масаласида Президентимиз халқаро ҳамжамиятни ҳамкорликни янада кучайтиришга чақиргани қанчалик муҳим эканлигини бу офатни бошдан кечираётган дунёнинг барча одамлари, шу жумладан юртимизнинг ҳар бир фуқароси юракдан ҳис этади. Бу масалани тушунмайдиган одам йўқ.
Шу боис Президентимизнинг “Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни” ишлаб чиқиш тўғрисида таклифи БМТ доирасида ҳал этишга молик ўта муҳим масаладир. Нутқда айтилганидек, ушбу ҳужжатда ҳар бир давлатнинг ўз фуқаролари ва халқаро ҳамкорлари олдидаги мажбуриятлари акс этиши келгусида шундай глобал офатларга қарши курашни енгиллаштиради.
Мамлакатга катта кўламдаги офат келган пайтда давлат халқнинг, ҳар бир одамнинг ҳаётини ҳимоя қилиш масъулиятини зиммасига олиши нечоғли муҳим аҳамиятга эга эканлигини Ўзбекистонда КОВИД-19 қайд этилган дастлабки кунлардан бошлаб ҳукуматимиз томонидан бу касалликни жаловлаш, инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун қилинган ҳаракатларда кўриб турибмиз.
Шунинг учун Президентимизнинг бундай офатлар пайтида ҳар бир давлатнинг иҳтиёрий мажбуриятлари тўғрисида халқаро ҳужжат ишлаб чиқиш тўғрисидаги таклифи халқаро анжуманда кўтарилган масалаларнинг энг муҳимларидан бири бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг нутқида кўтарилган барча масалалар: мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, Оролбўйи минтақасида экологик вазиятни юмшатиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, камбағалликка қарши кураш, ёшлар бўйича билдирган таклифлари, кўтарган ташаббуслари фақат Ўзбекистон учун эмас, халқаро ҳамжамият олдида турган муҳим вазифалардир. Шунинг учун бу ҳаётий таклиқлар, ташаббуслар дунё мамлакатларининг, халқларнинг эътиборини тортмасдан қолмайди албатта.
Мустақиллик туфайли БМТнинг тенг ҳуқуқли аъзосига айланган Ўзбекистон ўтган даврда бу ҳалқаро ҳамжамият сафида, ўз ўрнига, ўз мавқеига эга давлатга айланди. Президентимизнинг Бош Ассамбелиянинг 75-сессиядаги нутқи, шубҳасиз, давлатимизнинг халқаро ҳамжамият доирасидаги обрў-эътиборини янги поғонага кўтарди.
Рустам ЎТАБОЕВ,
Арнасой туманидаги “Лочин” фермер хўжалиги раҳбари, 
“Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими”,
 халқ депутатлари Жиззах вилояти кенгаши депутати

ЎзА