БМТ 75-сессияси: Баҳслар ва ишончсизликка қарамасдан...

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-юбилей сессияси коронавирус пандемияси даврига тўғри келди. 
Дунё мамлакатлари етакчилари ташкилотнинг Нью-Йорк шаҳридаги бош қароргоҳига виртуал тарзда «ташриф буюришди». Бу қарор, айниқса, Эрон ва КХДР вакилларига жуда қўл келди: улар Америка визасини қандай олиш, протокол хизматига эса президентлар иш жадвали бўйича келишувга эришиш тўғрисида кўрсатма беришдан “қутулди”.
Тан олиш керак, бундай усулда “кўришиш”нинг ўзига хос минус томонлари ҳам бор. Масалан, айрим давлатлар раҳбарлари ўзлари хоҳлаган ҳамкасблари билан танаффусларда дилдан суҳбатлашиш ёки хуфиёна “сирлашиш” имкониятидан маҳрум бўлишди. Умумий экранда энг долзарб мавзу –эпидемия ва инқирознинг иқтисодиётга салбий таъсири муҳокамасига нисбатан кўпроқ вақт ажратиляпти.
Виртуал мунозаралар
«Ҳаммамиз учун зарур ва БМТ ҳам хоҳлайдиган келажак!». БМТнинг бу йилги сессияси учун ушбу шиорни ташкилот Бош котиби Антониу Гутерриш таклиф этди. Кейинчалик Бош Ассамблея яна бир бор учрашув учун видеоконференция усулини танлаши амримаҳол, чунки бу гал бошқа йўл йўқ. Қароргоҳ жойлашган Нью-Йорк – эпидемиянинг қоқ марказига бориш учун таваккал қиладиганлар кам топиларди. Қолаверса, анжумандан қайтгач, икки ҳафталик карантинда ўтириш ҳам ҳеч кимга маъқул эмас.
Шунинг учун Бош Ассамблея давлат раҳбарларига ўз маърузаларини видео шаклида тақдим этишни тавсия қилди. Залга ўрнатилган катта экран орқали чиқишларни кам сонли иштирокчилар – ҳар бир мамлакатдан бир нафардан вакил кузатмоқда. Сессияда бевосита қатнашаётган вакил ва давлат раҳбарининг сўзи учун жами 15 дақиқа вақт ажратилади. Гарчи, нутқлар аввалдан ёзиб тайёрлаб қўйилган бўлса-да, барибир аксарият нотиқлар регламентни бузишди.
«Хитойча» вирус
АҚШ Президентининг мурожаати жуда қисқа бўлди – 7 дақиқадан сал ошди. Масалан, у уч йил олдинги мажлисда 41 дақиқа гапирганди. Шунга қармай, Трампнинг БМТдаги доимий вакили Келли Крафт бу бўшлиқни тўлдириб юборди. У Президент маъмуриятининг халқаро майдондаги хизматларини санаб ўтиш мақсадида узоқ сўзлади: Исроил билан келишув, Сербия ва Косово ўртасидаги музокара, Суриянинг Идлиб вилоятида ўт очишнинг тўхтатилиши ҳам ёддан кўтарилмади.
Дональд Трамп маърузасини пандемия мавзусидан бошлади. Коронавирусни «Хитойники», деб атади ва Пекин шаънига кескин айбловлар ёғдирди. Бундан ташқари, БМТни ҳақиқий муаммолар, яъни ўзининг таъкидлашича, террорчилик, хотин-қизларнинг камситилиши, мажбурий меҳнатга тортилиш, наркотрафик, одам савдоси, этник тозалаш, диний омиллар туфайли таъқиб каби масалалар билан шуғулланишга чақирди.
Трампдан сўнг дарҳол “минбарга чиққан” ХХР Раиси Хитой коронавируснинг келиб чиқиши ва касалликнинг тарқалиш йўлларини аниқлаш бўйича олиб борилаётган илмий изланишларда фаол иштирок этишга тайёрлигини билдирди. «Биз бундан кейин ҳам ҳамкорлар билан бу борада ташҳислаш, даволаш усуллари юзасидан тажриба алмашамиз, эҳтиёжманд давлатларга ёрдам берамиз», – ваъда берди Си Цзиньпин. Унинг сўзларига қараганда, ҳозирдаёқ бир неча Хитой вакцинаси клиник синовнинг учинчи босқичини ўтаяпти.
Пандемия олдида мамлакатлар бир ёқадан бош чиқариб, саъй-ҳаракатларни бирлаштириши керак, дея таъкидлади у. Чин юрти етакчиси айни муаммони ҳал этишда Трамп томонидан доимо танқидга учрайдиган ЖССТнинг эса «ҳал қилувчи ва раҳбарлик» ролини қайд этди.
«Хитой дунёнинг энг йирик ва ривожланган давлатларидан бири. Биз ҳеч қачон гегемонликка, экспансияга ва таъсир доирасини шакллантиришга уринмаймиз. Биз ҳеч кимга қарши уруш очишни ният қилаётганимиз йўқ – совуқ урушни ҳам, иссиқ урушни ҳам хоҳламаймиз», — дея ўз сўзини якунлади ХХР Раиси.
Принципиал хусусиятга эга янгича чақириқ
Россия Президенти ҳам, худди ҳамкасблари каби мурожаатини олдиндан ёзиб, тайёрлаб қўйган эди. Путин Бош Ассамблея йиғилишида охирги бор 5 йил олдин жонли чиқиш қилган. Ўшанда у ўз шафқатсизлиги билан цивилизация сари одимлаётган инсониятни қўрқувга солаётган террорчи гуруҳларга қарши курашда кучларни бирлаштириш зарурлигини айтганди.
Мазкур чиқиш 2015 йил 28 сентябрда қилинган. Шу ойнинг 30-санасида эса Россия аэрокосмик кучлари Сурия ҳудудидаги жангарилар позицияларига дастлабки бомбаларни ёғдирган. Россия ҳарбий ҳаво кучларининг бу ҳаракати вазиятни Дамашқ фойдасига ўнглаб, террорчиларни чекинишга мажбур этганди.
Владимир Путин бу галги нутқини иккита юбилей – Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалаба ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тузилганининг 75 йиллигини эслашдан бошлади. Бугунги анчайин айёрона ва нозик хусусият касб этган жаҳон сиёсати даврида БМТ ўзининг бош миссияси – тинчликни асраш вазифасини муносиб бажаряпти, деб ҳисоблайди Россия Президенти. Ташкилотни қайтадан шакллантириш масаласига оид мунозаралар бўйича эса Москва ташкилот Хавфсизлик Кенгаши барча давлатлар манфаатини кўпроқ инобатга олиши ва шу билан бирга, худди аввалгидек, глобал бошқарув тизимининг асосий бўғини бўлиб хизмат қилиши кераклигини уқтиради.
«Барчамиз принципиал хусусиятга эга янгича чақириққа – коронавирус пандемиясига дуч келдик, – дея иккинчи мавзу бўйича нутқини давом эттирди Путин. – Карантин, чегаралар ёпилиши, ер юзининг деярли барча мамлакатларида фуқаролар учун кўплаб оғир муаммолар вужудга келиши – буларнинг бари бугунги куннинг очиқ, яққол ҳақиқати».
Эпидемия ва ушбу ҳолат билан боғлиқ ижтимоий-иқтисодий талваса кўламини ҳали тўла-тўкис, аниқ баҳолай олганимиз йўқ. Барибир, глобал иқтисодиётни тиклаш жуда қийин кечиши ва жуда узоқ муддат талаб этиши аллақачон маълум бўлиб қолди. Ачинарлиси, бу гал аввалги ҳолатларда қўлланган инқирозга қарши чоралар кутилган самарани бермаслиги тайин, деб ҳисоблайди Россия Президенти. Ҳозир янгича, ностандарт қарорлар қабул қилиш талаб этилади. Бундай қарорларни мамлакатлар фақат бирлашибгина ишлаб чиқиши мумкин. Бу БМТ ҳамда “йигирматалик” давлатлари зиммасидаги вазифа.
Путин иштирокчилар эътиборини яна бир муаммога – биринчи навбатда энг зарур маҳсулотлар, дори-дармон, шахсий ҳимоя воситалари учун савдо урушлари ва санкциялардан холи бўлган яшил йўлаклар очиш масаласига қаратди. Тўғри, умуман, жаҳон савдосини турли тўсиқлардан, ноқонуний санкциялардан бутунлай тозалаш ҳам глобал ўсиш, ишсизликни камайтириш йўлидаги дадил қадам бўлиши мумкин. «Бу ҳақиқатан ҳам жуда ўткир ва глобал ижтимоий муаммо. Шунинг учун сиёсатнинг айни дамдаги миссияси савдо йўлларини очиш, қўшма лойиҳалар ва ҳалол рақобатни шакллантиришдир, бизнеснинг “қўлини боғлаш” ёки ишбилармонлик ташаббусларини бўғиш эмас», – дея кескин фикр билдирди Путин.
Россия етакчиси мурожаати давомида яна бир қатор муҳим ва долзарб глобал муаммоларни кўтараркан, сўзи якунида Россия, АҚШ, Хитой, Франция ва Буюк Британиядан иборат «Катта бешлик» саммитини ташкил этиш таклифини илгари сурди. Бундан кўзланган мақсад халқаро ишларни юритишнинг асосий тамойилларини тасдиқлаш, замоннинг долзарб муаммоларини самарали ҳал этиш йўлларини ишлаб чиқишдан иборат бўлади. Мазкур ташаббусни барча иштирокчилар қўллаб-қувватлади. Энди Москва эпидемиологик вазият изга тушиши билан юқори даражадаги учрашувларни бевосита уюштиришни кўзламоқда.

 

Ғайрат ХОННАЗАРОВ тайёрлади. ЎзА