Балиқчилик: амалиёт ва истиқбол

Президентимизнинг 2018 йил 6 ноябрдаги “Балиқчилик соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорига асосан Оролбӱйида балиқчилик тармоғини жадал ривожлантириш, балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг замонавий ва инновацион усулларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманидаги “Супер балиқлар” фермер хўжалиги интенсив усулда балиқ етиштиришни босқичма-босқич йўлга қўйиш, мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, балиқчилик тармоғини янада ривожлантириш борасида муайян ишларни амалга оширмоқда.
Дастлаб 8 гектар, 2019-2020 йилларда 105 гектар ер майдонида сунъий ҳовуз яратилди. Фермер хўжалигида балиқларни сунъий урчитадиган инкубация, ем ишлаб чиқариш бинолари, насос станцияси ишга туширилган бўлиб, жами 2 миллиард 225 миллион 282 минг сўм маблағ сарфланди.
Бугунги кунда фермер хўжалигида 11 дона техника мавжуд. “Ипотека банк” томонидан олинган 1 миллиард 115 миллион сўм кредит ҳисобидан хизмат кўрсатувчи 2 дона бульдозер харид қилинди. Қолган 9 дона экскаватор ва трактор таъсисчининг 667 миллион сӱмдан зиёд маблағи эвазига сотиб олинди.
Россия Федерациясидан қуввати бир мавсумда 300 миллион балиқ чавоғини етказиб берувчи инкубация ускунаси олиб келиб ўрнатилди. Цехда сазан, оқ амур ва дўнгпешона зотли балиқлар урчитилиб, жорий йилнинг биринчи яримида 50 миллион донадан ортиқ чавоқ етиштирилди. Бундан ташқари, Хоразм ва Бухоро вилоятларига 35 миллион донадан ортиқ балиқ чавоғи шартнома асосида етказиб берилди. Келгусида мамлакатимизнинг 6 та вилоятини балиқ чавоғи билан таъминлаш режалаштирилган.
Бугунги кунда фермер хўжалигида 17 та доимий ишчи ўрни яратилган. Инкубация тўлиқ ишга тушурилганидан сўнг 50 нафар киши, асосан ёшлар доимий иш билан таъминланади.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА