Маълумки, касалликка чалинмаслик ёки уни енгил ўтказишда иммунитет муҳим ўрин тутади.
Мактаб ўқувчилари иммунитети заифлигига кўпинча витаминлар танқислиги, ёмон уйқу ва доимий психологик стресс сабаб бўлади. Витаминлар танқислигини тўғри овқатланишни ташкил қилиш йўли билан олдини олиш мумкин.
Ярим тайёр таомлар (фасфуд) кўпинча болаларга зарур бўлган витамин ва минералларни овқатдан олишига тўсқинлик қилади. 7 ёшдан 12 ёшгача бўлган даврда боланинг танасида бир вақтнинг ўзида ўсиш ва ўрганиш вазифалари турганини унутмаслик керак. Бу эса ота-онадан алоҳида эътибор талаб этади.
– Бола кунига камида 4 марта овқатланиши керак, – дейди Коронавирусга қарши кураш штаб аъзоси Барно Абдусаматова. – Агар болада озғинлик ёки ортиқча вазн бўлса, шифокор маслаҳати зарур.
Спорт билан шуғулланадиган ўқувчининг овқатланиши жисмоний машқлар ҳажмини ҳисобга олган ҳолда тузилиши талаб этилади. Йодланган тузни доимий истеъмол қилиш, сув ичиш режимига амал қилиш ва овқатланиш рациони витанимларга бой бўлиши керак.
А витамини билан бойитилган сабзи ва ширин картошкани, цитрус мевалари ва брокколи С витамини ҳамда грипп ва нафас йўлларининг юқумли касалликларига қарши курашишда ёрдам берадиган Е витаминига бой ёнғоқлар, албатта, болалар рационида бўлиши мақсадга мувофиқ.
Тўғри овқатланишни ташкил қилишдаги биринчи қадам овқатланиш маданиятига риоя қилишдир. Нонушта, тушлик, кечки овқат мунтазам ва жадвалга мувофиқ бўлиши керак.
М.Қосимова,ЎзА