Нукусда Ўзбекистон миллий метрология институти давлат корхонаси Қорақалпоғистон Республикаси филиали томонидан «Ўзбекистон Республикасида метрология хизматини кўрсатиш тартибини такомиллаштиришга оид амалга оширилаётган ислоҳотлар» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон миллий метрология институти директори ўринбосари М.Жалилов ва бошқалар мамлакатимизда метрология соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталди.
Таъкидланганидек, кундалик ҳаётимизда фойдаланаётган ҳар қандай нарсанинг аниқ ўлчами ва уларни аниқлайдиган асбоб-ускуналар мавжуд. Ўлчамларни тўғри амалга ошириш эса аниқ ҳисоб-китобларнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Ушбу жараёнларни мувофиқлаштирувчи, тўғри ва аниқ ўлчашни таъминловчи соҳа – бу метрологиядир. Мамлакатимизда метрология хизматини кўрсатиш йилдан-йилга ривожланиб бормоқда.
Жорий йилнинг 7 апрель куни «Метрология тўғрисида»ги (янги таҳрирда) Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган бўлиб, унинг 13-моддасида Ўзбекистон Республикасида ўлчовларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлашга доир норматив ҳужжатлар сифатида бажариш, ўлчаш воситаларини қиёслашдан ўтказиш ва калибрлаш услубиётлари, синов воситаларини метрологик аттестациядан ўтказиш белгилаб қўйилган. Шу билан бирга, метрологик текширув ўтказиш бўйича берилган ваколатларга аниқлиқ киритилди.
Яъни вақт сарфи ва ҳаражатларига таъсир кўрсатувчи тўсиқлар бекор қилиниши орқали хизмат кўрсатиш муддатини икки баробаргача қисқартиришга эришилиб, тақдим этилаётган ҳужжатлар сони икки ярим мартага камайтирилди ҳамда уларни электрон шаклда тақдим этиш имконияти яратилди. Яна бир муҳим жиҳат, метрологик текширув натижалари расмийлаштириш бланкалари қалбакилаштирилиши олди олинадиган бўлди.
Мамлакатимизда ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлаш тизимининг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, шунингдек, метрология хизматлари кўрсатишда шаффофликни таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 20 августида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида метрология хизматлари кўрсатиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ушбу жараёнларнинг мантиқий давоми ҳисобланади.
Қарорга мувофиқ ўлчаш воситаларини давлат синовларидан, метрологик аттестациядан, қиёслашдан, калибрлашдан ва синов воситаларини метрологик аттестациядан ўтказиш қоидалари тасдиқланди. Бу эса, соҳадаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, метрологик хизматларнинг амалга оширилиши шаффофлигини таъминлаш, шунингдек, метрология органларининг масъулиятини янада оширишга хизмат қилади.
Метрология хизматини кўрсатишда амалга оширилаётган ислоҳотлар соҳадаги ортиқча бюрократик тўсиқларнинг бартараф этилишини, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг юқори сифатини ва уларнинг жаҳон бозорларида рақобатбардошлигини таъминлайди.
Тадбир иштирокчилари журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА