Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ тумани маркази ўтган асрнинг 60 йилларида мамлакатимизнинг ягона порт шаҳри бўлган.
Орол денгизининг шарқий қисми соҳилларида жойлашган шаҳар атрофи тўлиқ денгиз билан ўралган эди.
Шу боис шаҳар аҳолиси мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари билан фақат ҳаво кемалари орқали боғланар эди. Бунда Мўйноқ аэропорти кичик шаҳарнинг катта дарвозаси сифатида хизмат қиларди. Кейинчалик денгиз чекингач, қуруқлик орқали Мўйноқ марказидан Қўнғирот шаҳригача 100 километрлик автомобиль йўли қурилди. 1990 йилларга бориб Мўйноқ аэропорти фаолиятини деярлик тўхтатди.
Дунёнинг қитъалар ичида катталиги бўйича тўртинчиси бўлган Орол ўтган ярим аср давомида ўз ҳудудини саҳро қумларига бўшатиб берди. Натижада йиллар давомида республикамизнинг чекка ҳудудида жойлашган ушбу шаҳарда инфраструктурани ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини таъминлашга етарлича эътибор қаратилмади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимизнинг барча ҳудудлари қатори Мўйноқ тумани ва марказига ҳам ташриф буюриб, шаҳарни ривожлантириш, аҳолини қийнаётган муаммоларни бартараф этиш чораларини кўришга кўрсатма берган эди. Шундан сўнг дастлаб узоқ йиллар давомида аҳоли учун туман марказидаги энг катта муаммолардан бири бўлган ичимлик суви масаласи ечилди.
2017 йил “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти мутахассислари томонидан Қўнғирот тумани марказидан Мўйноқ шаҳригача бўлган 101 километрлик ҳудудга ичимлик суви тортиб келинди ва аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди.
Президентимизнинг 2018 йил ноябрь ойида туманга ташрифидан сўнг мўйноқликлар турмуши бутунлай ўзгармоқда. Кичик шаҳарда катта-катта бунёдкорликлар амалга оширила бошланди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил йил 16 январда “Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам қабул қилинди. Мазкур қарор билан Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури ҳам ҳаётга татбиқ этилди. Дастурга кўра, 2019 – 2021 йилларда кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилиши белгиланди. Қувонарлиси шундаки, бу ишларга “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти мутахассислари ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.
2019 йилда қарийб 30 йилдан буён фойдаланилиб келинмаётган, йиллар давомида қаровсиз қолиб, бутунлай яроқсиз ҳолатга келган Мўйноқ аэропортини қайта қуриш ишлари бошланди. Унга кўра, дастлаб “Боштранслойиҳа” акциядорлик жамияти томонидан аэропортнинг янги лойиҳаси ишлаб чиқилди. Шундан сўнг лойиҳага асосан 167,4 гектар ҳудудга эга аэропортда 2019 йилнинг дастлабки ойларида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг Капитал қурилиш дирекцияси, “Қўнғирот минтақавий темир йўл узели” унитар корхонаси ҳамда “Шурахон қурилиш монтаж” масъулияти чекланган жамияти мутахассислари ва ишчи-ходимлари томонидан 50 нафар йўловчига мўлжалланган “VIP” терминали қурилиши бошланди.
Шунингдек, аэропорт атрофини металл конструкциялар билан ўраш ишлари ҳам олиб борилди. Ушбу бунёдкорлик ишларида қарийб 100 нафардан ортиқ темирйўлчилар ҳамда ўнга яқин техникалардан фойдаланилди. –Мўйноқ аэропортини янгитдан қуриб, фойдаланишга топшириш аввало, ушбу туман транспорт инфраструктурасини ривожланиши учун қолаверса, туманда яшаётган 30 мингдан ортиқ аҳоли учун жуда зарур эди, – дейди Капитал қурилиш дирекцияси раҳбари ўринбосари Шавкат Нурматов. – Шу боис янги аэропортни қуриш айни муддао бўлди.
Эндиликда Мўйноқ марказига ҳаво кемаси орқали нафақат республикамиз пойтахти ва бошқа вилоятлардан йўловчилар, балки хорижлик туристларнинг ҳам келиб кетишига ҳам халқаро талабларга мос шароит яратилди. Демакки, ушбу аэропорт Орол денгизини кўриш учун келган сайёҳлар катта қулайлик бўди. Бу ерда олиб борилаётган қурилиш ишлари тўлиқ якунига етиб, унга кўра 50 ўринга мўлжалланган “VIP” терминали биноси қуриб битказилди. Ушбу 1 қаватли бино ўлчами 36 метрга 36 метр бўлиб, умумий баландлиги 8,6 метрдан иборат. Мажмуанинг ички ва ташқи қисми замон талабларига мос тарзда бунёд этилиб, сифатли ва мустаҳкам қурилиш материалларидан фойдаланилди, мажмуанинг барча ҳудудлари электрон эшиклар билан таъминланди.
Терминал биносининг ташқи ва ички қисми миллий меъморчилик асосида пардозланди. Мўйноқ туманининг континенталь об-ҳавосидан келиб чиқиб, бинонинг ички қисмида ёзда салқин, қишда иссиқ ҳарорат сақланиши таъминланади. Мажмуанинг кириш ва ички қисмида маҳаллий йўловчилар ва хорижлик туристлар учун барча шароитлар яратилди. Кўркам ва ёруқ кутиш залига замонавий ёритгичлар ўрнатилиб, йўлаклар оқ мармар тошлар билан қопланди. Оппоқ деворлар миллий безаклар билан бойитилиб, Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари ҳамда қорақалпоқ халқининг миллий маданияти акс этган кўркам суратлар билан безатилди. Янги мебель жиҳозлари, иситиш ва совитиш тизими, электрон маълумотнома ҳам кутиш зали кўринишига янада файз киритди.
Шунингдек, темирйўлчилар томонидан аэропортнинг 9 километр узунликдаги ҳудуди металл тўсиқлар билан ўраб чиқилди. Шундан 8 минг 877 метрини 3D металл тўсиқлар, 123 метрлик ганчли металл тўсиқлар эса аэропортнинг олди томонига ўрнатилди. Мажмуа атрофидаги 3861 м2 майдонда олиб борилган ободонлаштириш ишлари ҳам масканни янада кўркам ҳолатга келтирди.
Транспорт ҳаракати учун асфальт-бетон қопламасини ётқизиш ишлари ҳам юз фоизга бажарилиб, 700 м2дан иборат яшил майдонга зарур бўладиган тоза тупроқ, суғориш учун эса сув ўтказкич тизими, 116 дона ҳудуд иқлими шароитига мослашган арча ва бошқа кўчатлар экилди. Аэропортнинг 2,4 километр узунликдаги учиш-қўниш ва ҳаракатланиш йўлакларини қуриш ишлари Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан амалга оширилди.
Ҳудудга сигнал чироқлари ва радиолокация ускуналари ҳам ўрнатилди. Таъкидлаш лозимки, 1947 йилда барпо этилган 3-даражали «Мўйноқ» аэропорти таъмирлинишига қадар фақат Ан-2, Ан-24 ва Як-40 каби кичик самолётлар ҳамда барча турдаги вертолётлар қабул қилиниб, 1960-йиллардан 1990 йилларнинг бошларигача Қўнғирот, Нукус, Урганч, Тахтакўпир, Қозоқдарё, Аспантай, Тулеи аҳоли пунктлари билан кунига 19 тагача йўловчи рейслари амалга оширилган. Тошкентдан ҳам ҳафтасига 3 марта самолёт қатнаган.
Янги қурилган аэропортга эса илк марта салкам 30 йиллик танаффусдан сўнг “Uzbekistan Airways” компанияси томонидан Airbus А-320 самолёти келиб қўнди. Синов тариқасида амалга оширилган “Урганч – Мўйноқ” йўналиши бўйича йўловчиларни олиб келган самолёт рейси муваффақиятли қўниб, учди. Мамнуният билан шуни айтиш лозимки, бугун Мўйноқ аэропорти шаҳарнинг энг кўркам ҳудудига айланди, шу билан бирга туманда транспорт инфратузилмасини яхшилаб, сайёҳлар оқимини ортиши ва туризм соҳасидаги ишларни жадал равишда ривожланишига ҳисса қўшиши шубҳасиз.
Мазкур аэропорт яқин орада Нукус – Мўйноқ – Орол денгизи маршрути бўйича ҳам самолёт ва вертолётлар қатновини йўлга қўйишга имкон беради. Келгусида ушбу аэропорт орқали нафақат шаҳарлараларо, балки халқаро йўналишларда ҳам йўловчи самоётларини қабул қилиш ва жўнатиш режалаштирилган. Мутахассисларнинг айтишича, яқин орада Мўйноқ аэропорти фойдаланишга топширилади.
Рустам ҲАЙДАРОВ,
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг
Ахборот таҳлилий медиа маркази мутахассиси
ЎзА