Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз ҳудудларига ташрифларида банк томонидан 2017 йилда умумий қиймати 106 миллиард сўм, шундан 65 миллиард сўм банк кредити бўлган 16 лойиҳа тақдимот қилинган. Бу ҳақда Миллий матбуот марказида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Мисол учун, Хоразм вилоятида «Боғот қишлоқ қурилиш Ўткир сервис» масъулияти чекланган жамиятига замонавий иссиқхона ташкил қилиш учун банк томонидан 9,5 миллиард сўм ажратилган. Лойиҳа натижасида йилига 260 тоннагача қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш имкони яратилиб, 32 киши иш билан таъминланган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 октябрдаги қарори билан тасдиқланган «Кам таъминланган оилаларни бандлик билан таъминлаш учун тижорат банклари томонидан микрокредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низом»га мувофиқ банкнинг 19 филиали томонидан 21 туманда кам таъминланган оилаларга 3 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағлари берилди.

2017 йилнинг ўтган давридаги фаолиятида мазкур банк тузилмаларида кичик бизнес субъектларига 955 миллиард сўм миқдорида кредит ажратилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 190,8 миллиард сўмга ортиқ. Шунингдек, янги кичик бизнес субъектлари фаолиятини ташкил этиш учун 334 миллиард сўм микрокредитлар берилди.

 

Нурилло Насриев, ЎзА