ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН

Янги Ўзбекистон — бу  тушунча  ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ, албатта. Чунки, кейинги йилларда мамлакатда амалга оширилаётган шиддатли ўзгаришлар ва барча соҳалардаги ислоҳотлар юртимизни ҳақиқий маънода янгилади. Энг муҳими, Президентимизнинг ташаббус ва ғоялари асосида  давлат ва жамият бошқарувини бутунлай янгилаш борасида туб бурилиш қилинди. Натижада, Ўзбекистон янги демократик қиёфа билан  бутун дунёга юз тутди.

Бир маълумотга эътиборингизни қаратмоқчиман. 2016 йилнинг сентябридан то 2020 йилнинг январь ойига қадар Президентимиз томонидан 194 та қонун, 1106 та фармон, 1974 та қарор, 933 та фармойиш имзоланган. Мана шу ҳужжатларнинг барчаси  бугун биз ғурур билан эътироф этаётган  Янги Ўзбекистоннинг шаклланишида  ҳуқуқий асос бўлганлигини таъкидлаб ўтсак ўринли бўлади, албатта.

Уларнинг ижросини таъминлаш баробарида, халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш давлат сиёсатининг бош мезони этиб белгиланди. Барча бўғиндаги раҳбарлар, айниқса,  халқ вакиллари бўлган депутатлар учун  халқ билан мулоқотда бўлиш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш масаласи асосий  мезонга айланди.

Ўз навбатида шуни таъкидлаш лозимки, кейинги йилларда маҳаллий кенгашларнинг  ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш борасидаги ҳуқуқий асослар босқичма- босқич такомиллаштирилиб борилмоқда. Айниқса, қонунчилигимиздаги кейинги ўзгаришларга  кўра, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши фаолиятига  ташкилий техникавий хизмат кўрсатиш вазифасини ҳокимликлар аппаратидан тегишли халқ депутатлари Кенгаши котибиятига ўтказиш, котибиятга юридик шахс мақомини бериш ва унинг фаолиятини тегишли маҳаллий бюджет  ҳисобидан молиялаштириш назарда тутилаётгани маҳаллий Кенгаш депутатларининг фаолиятини янада самарали ташкил этишда муҳим аҳамият касб этади. Яъни эндиликда депутатлар билан бевосита ишлайдиган алоҳида ваколатли тузилма шаклланади. Ўз навбатида бу Кенгашларнинг давлат органлари фаолияти устидан таъсирчан депутатлик назоратини  таъминлашга имкон яратади.

Албатта  бугунги кунга келиб, маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари  фаолиятида ҳам сезиларли ўзгаришлар бўлаётганини таъкидлашимиз лозим.

Бунда  масалан, шу йил март ойида Олий Мажлис Сенати ва Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳамкорлигида маҳаллий кенгашлар депутатлари учун ўтказилган семинар фаолиятимизда муҳим аҳамият касб этди. Шунингдек, Сенат аъзолари, қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий Кенгаш депутатларининг узвий ҳамкорлиги йўлга қўйилганлиги, жойлардаги ислоҳотлар натижалари биргаликда таҳлил қилинаётгани, мавжуд муаммолар биргаликда ҳал этилаётгани маҳаллий кенгаш депутатларининг яхши тажрибаларни тўплашига хизмат қилмоқда.

Битта мисол айтишим мумкин, яқинда Қорақалпоғистон Республикаси  Жўқорғи  Кенгесининг Қонунийлик суд-ҳуқуқ ва коррупцияга қарши кураш  ҳамда Ижтимоий-маданий ривожланиш ва жамоат бирлашмалари масалалари қўмиталари,  Тўрткўл, Беруний, Эллик­қалъа туманлари Халқ депутатлари Кенгашларидаги худди шу йўналишдаги комиссияларининг ҳамкорликдаги онлайн   йиғилиши ўтказилиб, унда    мазкур туманлар суд раислари, прокурорлари ва ички ишлар бўлимлари раҳбарларининг ахборотлари ­тингланди.

Жўқорғи Кенгес қўмиталарининг туман  Кенгашларидаги комиссиялар билан  ҳамкорликда масалани муҳокама қилиши, унда мансабдор шахсларнинг ахборотини эшитиши ҳам амалиётда биринчи марта бўлди.

Маҳаллий Кенгаш депутатлари фаолиятига оид бундай янгиликларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Айниқса, пандемия шароитида  ниҳоятда катта ташаббуслар, лойиҳалар, таклифлар  билан чиқаётган, кам таъминланган оилаларни  қўллаб- қувватлашда фаоллик кўрсатаётган депутатларимиз жуда кўп.

Буларнинг барчаси албатта янги Ўзбекистоннинг тараққиёти йўлидаги ислоҳотларга ҳамоҳанг равишда маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолияти ҳам  фаоллашиб бораёт­ганини кўрсатади.

Маълумки, мамлакатимиз 2035 йилга бориб иқтисодий ривожланган  50 та мамлакатлар қаторига қўшилишни ўзининг стратегик мақсади этиб белгилаган. Бу марранинг замини албатта бугун, бугунги замондошларимиз, сиз ва  биз томонимиздан яратилади. Шундай экан, она юртимизнинг чин маънода юксалиши, Янги Ўзбекистоннинг буюк келажаги учун янада фаол ва фидойи бўлишимиз лозим.

Назира Матяқубова,

Қорақалпоғистон Республикаси

Жўқорғи Кенгеси депутати.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги