Барчамизга маълумки, коронавирус пандемияси туфайли умумтаълим мактабларида 2019-2020 ўқув йили онлайн дарслар билан якунланди.
Бугунги кунда аксарият ота-оналарни “Cентябрдан фарзандларимиз онлайн тарзда ўқишадими?” деган савол қизиқтирмоқда. Кўпчиликни уйлантираётган ушбу саволга жавоб олиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазири А.Аяповга мурожаат қилдик.
– Тўғри, ҳозирги вақтда кўпчилик ота-оналарни шу савол қизиқтирмоқда, – дейди Аманжол Аяпов. – Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида янги ўқув йилини қай тарзда бошлаш масаласи ўрганилмоқда. Жумладан, янги ўқув йилини бошлаш бўйича 3 та таклиф кўриб чиқилмоқда.
Биринчиси – пандемия ҳолати бўшашиб, мактаблар дастурий тартибда ўз фаолиятини бошлайди. Бу вазирлик учун ҳам, ўқувчилар учун ҳам энг мақбул вариант. Халқаро тажрибадан маълум бўлишича мактаб ёшидаги болаларга касаллик камдан-кам ҳолатда юқишини, уларда катта ёшдагиларга нисбатан юқиш хавфининг камлигини кўрсатмоқда.
Иккинчиси – Соғлиқни сақлаш вазирлигининг мамлакатимизда болаларда вируснинг тарқалишига хулоса ижобий бўлмаган ҳолатда таълим онлайн тарзда давом этишига тўғри келади.
Учинчиси – гибрид бўлиб, мактаблар очилади. Фақат маълум бир ҳудуд, мактаб ҳолатидан келиб чиқиб, ўқувчиларнинг онлайн ёки мактабдаги дарсларда таълим олиши давом эттирилади. Бунда дастлабки босқичда фарзандининг соғлигидан хавотирланган ота-оналарга уларни уйда онлайн ўқитишга имконият берилиши назарда тутилган, яъни мактабга қатнов эркин бўлиб, ўқувчилар оддий дарсда ҳам, онлайн дарсда ҳам иштирок этиши мумкин. Маълум бўлишича, булар бўйича республика махсус комиссиясининг қарори эълон қилинади.
Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига қарашли 725 та умумтаълим мактабида янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Жорий йилнинг 9 июль куни Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири иштирокида ушбу мавзуда бўлиб ўтган брифингда янги ўқув йилида мактабларда ўқишнинг тикланиши, ҳар қандай вазиятда ҳам онлайн мактаб лойиҳаси давом этилиши маълум қилинди. Айни кунда онлайн теледарсларни тасвирга олишга тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Мазкур лойиҳа боланинг мактабдан ташқари олган билимини мустаҳкамлашига, ўқитувчиларга яхши педагогларнинг дарсларини кўриб, малакали ҳамкасбларидан маҳорат дарсларини олишига хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 14 июль куни бўлиб ўтган ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини ошириш, уларни даромад манбаи билан таъминлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида бугунги кунда халқ таълими соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар, таълим сифатини ошириш, ўқувчиларнинг билим кўрсаткичлари ва бошқа масалалар юзасидан фикр юритилди. Йиғилиш якунида таълим соҳаси ривожини орттириш, битирувчи ёшларни олий ўқув юртларига қамраб олиш ва уларни иш билан таъминлаш бўйича соҳа раҳбарларининг вазифалари белгилаб берилди
Якунланган ўқув йилида Қорақалпоғистон Республикасида умумий ўрта таълим мактабларининг 11 синфини 24908 нафар ўқувчи тамомлаган бўлса, шундан 21597 нафари карантин қоидаларини сақлаган ҳолда олий ўқув юртларига онлайн тарзда ҳужжат топширган. Бундан ташқари, 26 нафар битирувчи ўрта махсус ўқув даргоҳларига ҳужжат топширди. Вазирлик мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда бу йилги битирувчилар орасидан олий ўқув юртларига тест синовидан ўта олмаганларининг бандлигини таъминлаш чораларини ҳам кўрмоқда.
Янги 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб “Тарбия” фани орқали ёшларга олий мақсадларга эришиш бўйича таълим беришга, ўз устида доимий ишлашига алоҳида эътибор қаратилади. Ўқувчиларнинг қизиқиши ва кўникмасига қараб уларни касбга йўналтириш ишлари ташкил этилади. Бунинг учун 7-синфдан бошлаб мактаб ўқувчиларининг касблар кесимидаги қизиқиши аниқланади. Халқ таълими вазирлиги қошида “Касбга тайёрлаш ва сертификатлаштириш” марказини ташкил этиш ва 11-синф битирувчиларига танлаган касби кўникмалари бўйича халқаро даражада тан олинадиган сертификат бериш режалаштирилган. Селектор мажлисида қайд этилганидек, навбатдаги ўқув йилидан бошлаб мактаб директори ва ўқитувчиларига ўқувчиларнинг олий ўқув юртига кириши, касб эгаллаб, ўз ишини топиши даражасига қараб оширилган иш ҳақи тўланиши назарда тутилган. Аниқроқ қилиб айтганда, келгусида ҳар бир битирувчининг ҳаётдан ўз ўрнини топишига қараб мактаб директорининг фаолиятига баҳо берилади.
Ҳозирги вақтда Қорқалпоғистон Республикаси Халқ таълими соҳасида 36040 нафар ўқитувчи фаолият олиб бормоқда. Демак, кадрлар билан таъминланганлик 99,9 фоизни ташкил этади. Бугунги кунда ўрта махсус билимга эга кадрларнинг ўрнини олий маълумотли мутахассислар билан тўлдириш ишлари олиб борилмоқда.
2020-2021 ўқув йилида вазирликка қарашли умумий ўрта таълим мактабларига мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларини, шунингдек, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтини, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетини тугатган жами 885 нафар ёш мутахассис ишга жойлаштирилди.
Вазирлик томонидан 700 нафар ёш битирувчи оталиққа олинган бўлиб, жорий йил биринчи чорагида уларнинг 220 нафари иш билан таъминланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 10 январдаги “2020-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ишлаб чиқариш инфратузулмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида вазирликка қарашли 18 та объект киритилиб, шундан биттасида янги қурилиш, 12 тасида реконструкция ва 5 тасида капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 4 апрелдаги йиғилиши баёни асосида Оролбўйида жами 14 объектда, шундан, 6 тасида реконструкция, 8 тасида капитал таъмирлаш ишлари олиб бориш белгиланди. Шунинг билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида жорий йилнинг февраль ойида бўлиб ўтган йиғилиши баёнига мувофиқ Бўзатов ва Тахтакўпир туманларидаги умумий ўрта таълим мактабларида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Янги ўқув йилида таълим қорақалпоқ, ўзбек, рус, қозоқ ва туркман тилларида олиб бориладиган умумий ўрта таълим мактаблари учун жами 487 номдаги 1 миллион 648,4 минг нусха дарслик ҳамда методик қўлланмасини мактаб кутубхоналарига олиш режалаштирилган. Бугунги кунда жорий йилда олинадиган дарслик ва методик қўлланмалар шаҳар ва туманлар кесимида мактабларга тақсимланди ва улар карантин тадбирлари тугагач, жойларга етказилади.
Албатта, юртимизда карантин тадбирлари давом этаётганига қарамасдан давлатимиз раҳбари томонидан таълим соҳаси ривожига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эътибор ва ғамхўрлик келажагимиз бўлган ўқувчи-ёшларимизни билимли, ҳар томонлама етук, комил инсон қилиб тарбиялашга хизмат қилади. Шу нуқтаи назардан, қандай шароит бўлса ҳам соҳа ходимлари янги ўқув йилида фидойилик намунасини кўрсатади.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА