АҚШ билан ҳамкорликнинг янги йўналишлари

1 июль куни юқори даражали “Марказий Осиё – АҚШ” («С5+1») шаклидаги навбатдаги учрашув бўлиб ўтди.

Видеоконференцалоқа шаклида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Қирғизистон Республикаси ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбеков, Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди, Тожикистон Республикаси ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раиси ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередов ва АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео қатнашди.Учрашувда, шунингдек, мамлакатимизда бўлиб турган Америка Қўшма Штатларининг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод ва АҚШ Халқаро тараққиётни молиялаштириш корпорацияси (DFC) бош ижрочи директори Адам Болер иштирок этди.

Томонлар минтақавий иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, замонавий таҳдид ва хатарларга, жумладан, коронавирус тарқалишига қарши курашнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди.

«СОVID-19» пандемияси шароитида глобал ўзгаришларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, миллий транспорт стратегиясини мувофиқлаштириш, қишлоқ хўжалигида инновацияларни жорий этиш, минтақа мамлакатларининг энергетика салоҳиятини кенгайтириш, Марказий Осиёнинг экологик оғир минтақаларида ижтимоий-иқтисодий аҳволни яхшилаш, Оролбўйини инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш каби йўналишлардаги ҳамкорликка урғу беришни таклиф қилди.

Абдулазиз Комилов Ўзбекистон томони халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистондаги тинчлик жараёнини илгари суриш бўйича фаол ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини қайд этди.

Ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг чиқишларида «С5+1» шакли Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва тараққиётни илгари суриш платформаси сифатида ўз аҳамияти ва долзарблигини намойиш этишда давом этаётгани тасдиқланди.

Халқаро тараққиётни молиялаштириш корпорацияси (DFC) бош ижрочи директори Адам Болер бошчилигидаги АҚШ делегацияси аъзолари шу куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева билан учрашди.

Учрашувда Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани таъкидланди. Қайд этилганидек, сўнгги йилларда икки томонлама алоқалар сезиларли даражада ўсди. Бунга кўп жиҳатдан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан олиб борилаётган очиқ, конструктив ва прагматик ташқи сиёсат асос бўлмоқда. Айни жараёнда парламентлараро алоқаларга алоҳида аҳамият бериляпти.

Томонлар Ўзбекистон – АҚШ парламент ҳамкорлиги гуруҳи, АҚШ Конгрессининг “Ўзбекистон бўйича Кокус” тузилмаси фаолиятини жадаллаштириш, демократик ислоҳотлар ва фуқаролик жамиятини шакллантириш бўйича конструктив мулоқотни янада ривожлантириш борасида ўзаро фикр алмашди.

АҚШ билан ўзаро муносабатларда савдо-иқтисодий, молиявий, инвестиция ва замонавий технология йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда “Doing business 2020” йиллик рейтингида Ўзбекистон энг юқори кўрсаткичга эришган йигирмата мамлакат қаторига киргани эътироф этилди.

Сенат фаолияти ва парламентда аёллар ўрни, хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш, Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш масалалари бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида сўз юритилди.

АҚШ Халқаро тараққиётни молиялаштириш корпорацияси (DFC) билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўналишларини кенгайтириш, мажбурий меҳнат билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш масалаларига, бу борада биргаликда ишлаш истиқболларига урғу берилди.

Мулоқот давомида бир қатор қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга доир ташаббуслар илгари сурилди. Жумладан, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётида парламентнинг ролини янада ошириш мақсадида парламентаризмни қўллаб-қувватлаш, парламент аъзолари ва ходимларининг АҚШ тажрибасини ўрганиш учун АҚШ Конгрессида амалиёт ўташини ташкил этиш, Ўзбекистонда ўз бизнесини бошламоқчи бўлган аёллар учун инновацион технологиялардан фойдаланишга шарт-шароит яратиш, қишлоқларда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, аёлларга нисбатан зўравонликка қарши чораларни амалга ошириш ҳамда одам савдосига қарши курашиш бўйича таклифлар билдирилди.

 

Ғайрат ХОННАЗАРОВ, ЎзА