Карантин чекловлари чўзилса, тест синовлари 1 августдан бошланмайди

Коронавирус пандемияси боис мамлакатимизда жорий этилган чекловлар барча соҳалар каби таълим, хусусан абитуриентларнинг ўқишга кириш учун тайёргарлик жараёнларига ҳам ўз таъсирини ўтказди.

Шу боис 2020/2021 ўқув йилида олий таълим муассасаларига қабул жараёнларини санитария-гигиена қоидаларига тўлиқ риоя этган ҳолда ўтказиш белгиланди.Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан брифинг ўтказилди.

– 2020/2021 ўқув йилида барча олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовлари 1 августдан бошланиши белгиланди, – деди Давлат тест маркази бўлим бошлиғи Ф.Мирзаев.

– Бунда карантин чекловларининг 1 августга қадар чўзилганлиги ҳисобга олинди. Бироқ унутмаслик керакки, агар карантин чекловлари чўзилса, муддат ўзгариши мумкин. Тест синовлари 64 та бинода ўтказилади. Биноларни тайёрлаш ишлари тугатилмоқда. Инфекция бутунлай бартараф этилганлигига кафолат бўлмаган шароитда минг нафар абитуриентни битта бинода тиқилинч ҳолатда ўтиришига йўл қўйиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам мазкур ўқув йилида тест синовлари ўтказиладиган биноларда кўпи билан 750 ўрин тайёрланади, ҳар бир абитуриент учун камида 3 квадрат метр жой ажратилади.

Санитария-гигиена талабларига биноан, уларда ниқоб, қўлқоп бўлиши таъминланади. Абитуриентнинг тана ҳарорати ўлчаниб, дезинфекция «туннели»дан ўтгач, ҳудуд ёки бинога киритилади. Бинолар камида 4 маротаба дезинфекция қилинади. Буларнинг бари тест топширувчилар, гуруҳ назоратчилари ва жараёнга жалб этилган бошқа шахсларнинг саломатлигини ҳимоялаш мақсадида амалга оширилади.

Таъкидланишича, тест синовларига 5 минг 300 нафар гуруҳ назоратчиси жалб этилиши режалаштирилган. Бугунги кун ҳолатида 5 минг 403 нафар гуруҳ назоратчилигига номзод рўйхати шакллантирилиб, Давлат тест марказининг «STAFF» маълумотлар базасига киритилди. Улардан 1 минг 956 нафари олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, 3 минг 447 нафари умумий ўрта таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог ходимларидир. Жорий йил 2-5 июнь кунлари гуруҳ назоратчилигига номзодлар учун масофавий ўқув-семинар машғулотлари 1-босқичи якунланди.

Абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш ўтган йили Давлат хизматлари марказлари, Ягона интерактив давлат хизматлари портали, Олий таълим муассасалари қабул комиссиялари томонидан амалга оширилган эди. Жорий йилда шулар қаторида Давлат тест марказининг расмий веб-сайти орқали ҳам онлайн режимда амалга оширилади. Шунингдек, таъкидлаш керак, онлайн рўйхатдан ўтиш давомида таълим муассасаларини аввалги йилларда битирган абитуриентлар электрон тўлов орқали тўловни амалга имконияти ҳам яратилади.

Бугунги шароитни ҳисобга олиб, 2020/2021 ўқув йили учун истисно тариқасида бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синови топшириладиган фанлар қисқарди. Жорий йилда ўтказилиши аввалдан белгиланган 3 та мажбурий фан – она тили (ўзбек, рус, қорақалпоқ тиллари), математика, Ўзбекистон тарихи фанларидан тест синови ўтказилмайди. Фақат танланган таълим йўналишига мос 2 та мутахассислик фанларидан тест бўлиши белгиланди.

Мутахассислик фанлари рўйхати 2019 йил декабрь ойида белгиланган тартибда тасдиқланиб, кенг жамоатчиликка Давлат тест марказининг dtm.uz расмий сайтида эълон қилинган эди. Кейинги ўқув йилидан бошлаб, ҳамма жараён белгиланган тартиб-қоидалар асосида бўлиб ўтади.

Тест синови топширилиши кўзда тутилаётган иккита мутахассислик фанининг ҳар бирида 30 тадан, жами 60 та тест топшириғи берилади. Биринчи фандан тўғри, деб топилган ҳар бир тест топшириғига 3,2 баллдан, иккинчи фандан тўғри, деб топилган ҳар бир тест топшириғига эса 3,1 баллдан берилади. Абитуриентларнинг умумий тўплаши мумкин бўлган энг юқори кўрсаткич 189 баллни ташкил этади.

Маълумки, 2019 йилда қабул тест синовларида география, тарих фанларида ёзувсиз харита, жадвал, расмли тест топшириқлари қўлланилган эди. Абитуриентларнинг тест топшириқларини тез англай олишлари, фикрлашлари ва вақт тежашлари учун жорий йилда ҳам тарих, география, инглиз, немис, француз тиллари, кимё, биология ва физика фанларидан ёзувсиз харита, жадвал, расмли тест топшириқлари сони кўпайтирилмоқда.

Шунингдек, она тили (ўзбек, рус, қорақалпоқ тиллари) ва адабиёт фанидан мустақил ўқиш учун тавсия қилинган бадиий асарлардан тест топшириқлари сони янада ортади.

Абитуриентларнинг мантиқий фикрлашини ривожлантириш мақсадида матнли тестлар, яъни матн устида ишлаш билан боғлиқ бўлган тест топшириқлари сони оширилмоқда.

Матнли тест топшириқларида матн таркибидаги сўзларнинг тўғри қўлланганлигини ва гапларнинг тўғри шакллантирилганлигини аниқлаш, матндаги сўзларнинг маʼноларини топиш ва матннинг асосий мазмунини тушуниш талаб этилади. Кимё фанидан назарий тест топшириқлар сони оширилади ва лаборатория ишларига оид тест топшириқлари тузилмоқда. Физика фанидан ҳам назарий тест топшириқлари сони оширилган ҳолда биринчи қийинлик даражасидаги тест топшириқлари сони 6 тадан 10 тагача кўпайтирилади.

Шунингдек, абитуриентларга қулайлик яратиш мақсадида «Доимий физик катталиклар жадвали» ишлаб чиқилди ва у «Кимёвий элементлар даврий системаси» каби тест синови топшириш жараёнида абитуриентларга тақдим этилади.

 

Хуршид ҚОДИРОВ, ЎзА