Ҳар қандай соҳанинг ривожи, инсон ақл-заковатининг бойиши таг-замирида албатта илм бўлади.

Муҳтарам Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида «Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади», дея алоҳида таъкидлаб ўтгани бежиз эмас.

Жорий йилнинг юртимизда «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» дея номланиши ҳамда ушбу йилда илм-фаннинг математика, кимё-биология, геология каби йўналишларида фундаментал, амалий тадқиқотлар фаоллаштирилиб, олимларга барча шарт-шароитлар яратилишига катта эътибор қаратилаётгани мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида илм-фан, таълим тизимининг ўрни ниҳоятда беқиёс эканини англатади. Илм-фан йўналишларига бундай эътибор келажакда ўз самарасини бериши шубҳасиздир.

Мамлакатимизда математика фани ривожланишида Президентимизнинг 2019 йил 9 июлдаги “Математика таълими ва фанларни янада ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг В.И.Романовский номидаги Математика институти фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори жуда катта аҳамиятга эга бўлди.

2020 йилнинг 7 май куни эса Президентимизнинг “Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарор мамлакатимизда таълимнинг барча соҳаларида математика фани дарсларининг, мазкур фанга оид ўқув адабиётлар сифатининг ошишига, математика фанига қизиқувчи ёшларнинг кўпайишига, иқтидорли ёшларни селекция қилиш механизмини ташкил этиб, уларни ихтисослаштирилган мактабларга, кейинчалик олий таълим муассасаларига, илмий мактабларга қамраб олиш масалаларини самарали ечишга имкон беради. Бундан ташқари, ҳар бир таълим йўналишига тегишли ташкилотлар ва илмий муассасалар ўртасидаги яқин ҳамкорликни таъминловчи яхлит тизим шакллантирилиб, математика фани бўйича фундаметал ва амалий тадқиқотлар, олий таълимдан кейинги таълим институтларининг фаолияти ҳамда илмий кадрлар тайёрлаш самарадорлиги ошади. Жаҳоннинг етакчи илмий марказлари ва университетлари билан халқаро илмий-техник ҳамкорликлар ривожланади. Бошқа фанлар йўналишларининг ривожига таъсир қилади. Илм-фан, иқтисодиёт тармоқлари ва ишлаб чиқаришнинг интеграцияси мустаҳкамланади. Ишлаб чиқариш соҳаларини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш жараёни самарадорлиги ошади.

2020 йилнинг 12 июнь куни Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг В.И.Романовский номидаги Математика институтининг замонавий талабларга тўла жавоб берадиган ва барча қулайликларга эга янги биносини бориб кўрди. Янги бинода 7та илмий лаборатория ва «Ёш математиклар» маркази фаолият юритади. Бинонинг турли қаватларида ахборот-ресурс маркази ва семинар хоналари, академик ва тадқиқотчилар учун кабинетлар, кутубхона, мажлислар зали, ошхона жойлашган. Хоналар энг илғор техника ва ускуналар билан жиҳозланган.

«Бу замонавий институт барча олимлар учун маърифат маркази бўлиши керак. Математика кўп фанларга йўл очади. Уни Талабалар шаҳарчасида барпо этганимиз бежиз эмас. Бу институт таълим ва илм-фан ўртасида узвийликни таъминлаши, мамлакатимиз ривожига замин яратиши керак», – деди Шавкат Мирзиёев ташриф давомида.

Юқорида айтилган 7 май кунги «Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга кўра Нукус, Урганч, Самарқанд, Бухоро ва Наманган шаҳарларида Математика институти филиаллари очилиши лозим. Бунинг билан ҳудудларда ҳам математика фани ва таълимини яхшилаш учун фаолият юритувчи бўлинмалар мавжуд бўлади. Ҳозирги вақтда Қорақалпоқ давлат университетида Математика институти Нукус шаҳар бўлинмаси учун  махсус хоналар, аудиториялар таъмирланиб, жиҳозланиб тайёр ҳолга келтирилди ва бу бўлинманинг очилиши кутилмоқда.

Ҳозирги вақтда мамлакатимизда математика фанининг бир неча йўналиши бўйича машҳур олимлар ҳамда улар раҳбарлигидаги илмий мактаблар мавжуд. Бу илмий мактаблардаги олимлар буюк аждодларимиз қолдирган бой мерос ва анъаналарни давом эттириб, математика фанининг ривожланишига катта ҳисса қўшмоқда.

Мамлакатимизда математика фанига бўлаётган алоҳида эътибордан аниқ самара кутиш мумкин. Аввало, таълим муассасаларида математика фани дарсларининг, ушбу фанга тегишли ўқув адабиётлар сифатининг ошишига, математика фанига қизиқувчи ёшларнинг кўпайишига, иқтидорли ёшларни селекция қилиш механизмини ташкил этиб, уларни ихтисослаштирилган мактабларга, кейинчалик олий таълим муассасаларига, илмий мактабларга қамраб олиш масалаларини самарали ечишга имкон беради. Математика фанини ўрганаётган ёшларда мантиқий фикрлашни ривожлантиради, инсонни тартибга ўргатиб, фаолиятнинг ҳар хил жабҳаларида вужудга келувчи мураккаб масалаларни тушуниш учун зарур бўладиган тушунчалар ҳамда улар орасидаги боғлиқликларни кўра олиш ҳамда таҳлил қилиш хусусиятларини шакллантиради, келажакда иқтисодиётнинг хоҳлаган тармоғида малакали кадр бўлиб етишишига ёрдам беради.

Бундан ташқари, соҳанинг ривожи туфайли математика фани бўйича фундаметал ва амалий тадқиқотлар, олий таълимдан кейинги таълим институтларининг фаолияти ҳамда илмий кадрлар тайёрлаш самарадорлиги ошади. Жаҳоннинг етакчи илмий марказлари ва университетлари билан халқаро илмий-техник ҳамкорликлар ривожланади. Бошқа фанлар йўналишларининг ривожига таъсир қилади. Илм-фан, иқтисодиёт тармоқлари ва ишлаб чиқаришнинг интеграцияси мустаҳкамланади. Ишлаб чиқариш соҳаларини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш жараёни самарадорлиги ошади.

Буларнинг барчаси пировардида мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга жуда катта ижобий таъсир кўрсатади.

 

Мухтор ИБРАГИМОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари

қўмитаси аъзоси.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги