Ёзги таътил мазмунли ўтади

Халқ таълими вазирлиги жорий йил ёз мавсумида болаларнинг мазмунли дам олишини ташкил этиш мақсадида «Ёз – 2020» штабини ташкил этди. Мактаблар қошидаги 156 та стационар оромгоҳда жами 70 минг 318 нафар ўғил-қизнинг дам олиши режалаштирилмоқда.
Оромгоҳларда таълим-тарбия ишларини ташкил этишнинг услубий таъминотини йўлга қўйиш мақсадида оромгоҳ раҳбарлари, педагоглар ҳамда тўгарак раҳбарлари учун услубий қўлланмаларнинг электрон шакллари тайёрланди. Ўқувчи-ёшлар билан ишлашни самарали ташкил этиш юзасидан 5 та муҳим ташаббусни амалга ошириш бўйича қўлланмаларга тегишли маълумотлар киритилди.
Жорий мавсумда мактаблар қошидаги 156 та стационар оромгоҳда 2 минг 639 нафар педагог ва 95 885 дона болалар адабиётига оид китобга эҳтиёж мавжуд. Айни пайтда 732 нафар етакчининг рўйхати тузилди. Мазкур кадрлар жорий йилнинг 5-10 июнь кунлари онлайн шаклда 36 соатлик махсус ўқув дастури бўйича ўқитилаяпти.
Ўқувчилар учун «Ёшлар кутубхонаси» рукни остида нашр этилган 47 номдаги бадиий адабиёт ҳамда kitob.uz платформасидан фойдаланиш бўйича шароит яратилади. Шу билан бирга, ёз мавсумида педагог ходимларнинг белгиланган тартиб асосида иш олиб бориши учун оромгоҳларда фаолият кўрсатадиган педагог-ходимларнинг намунавий иш режаси тайёрланди.
Ўқувчиларнинг ёз мавсумида бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида “Onlayn-toʼgarak” видеодарсларининг ҳам аҳамияти катта бўлиши, шубҳасиз. Бунда ўқувчиларга 40 нафар тўгарак раҳбари томонидан 14 номдаги инглиз тили, техник ижодкорлик, мусиқа ва бошқа ижодий тўгараклар ҳамда интернет тармоғи орқали пул топиш бўйича видеодарслар ўтилади. Бу эса, ўз навбатида, республикадаги жами 4 миллион нафарга яқин боланинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга имконият яратади.
Бундан ташқари, ёз мавсумида уйда ўтирган болалар учун телеграм ижтимоий тармоғида очилган 3 та каналда 6 та кўрик-танлов ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, ушбу тадбирларга жами 340 минг нафардан ортиқ ўқувчини жалб қилиш кўзда тутилмоқда.

 

Н.УСМОНОВА, ЎзА