Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти билан танишди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган мазкур марказ олимлари томонидан буюк алломаларимиз илмий мероси тадқиқ этилиб, уларнинг асарлари чоп этилмоқда. Олий мартабали меҳмонга марказ томонидан тайёрланган китоблар ҳақида маълумот берилди ва Имом Бухорийнинг асарлари совға қилинди.
Малайзия Бош вазири марказдаги музейни томоша қилди. Бу ердаги тарихий асарлар, буюк муҳаддис ҳаёти ва фаолияти акс этган деворий суратлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Анвар Иброҳим Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фахрий меҳмонлар китобига ўз дил сўзларини ёзиб қолдирди.
Ғ. Ҳасанов, Н. Ҳайдаров ва А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари