Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Малайзия Бош вазири 18 май куни Тошкентдаги Ҳазрати Имом мажмуасига ташриф буюрди. Олий мартабали меҳмонга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков ҳамроҳлик қилди.
Бош вазир Анвар Иброҳим ва Малайзия делегацияси аъзоларига Ҳазрати Имом жоме масжидининг қурилиш тарихи ҳақида батафсил маълумот берилди.
–Олий мартабали меҳмонга Мўйи муборак мадрасасида сақланаётган Усмон мусҳафи, китобнинг тарихи, ёзилиши ва юртимизга келиши, шунингдек, ҳозир қайта таъмирлаш ишларигача бўлган жараён тўғрисида маълумот бердик, – деди Ҳомиджон Ишматбеков. – Бош вазир тарихий обидалар, айниқса, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилаётган Ислом цивилизацияси маркази, Усмон Мусҳафини кўриб, ҳайратга тушганларини изҳор этдилар.
Малайзия Бош вазири Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ислом динини ўрганиш, унинг асл инсонпарварлик моҳиятини тарғиб этиш борасида олиб борилаётган ишларга юксак баҳо берди.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА