Бугун, 8 июнь куни Нукус гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмларнинг бирида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Дилшод Чориев қўшинларда янги 2020-2021 ўқув йилини очиб берди.
Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидлаш жоизки, Мудофаа вазирлиги қўшинларида муддатли ҳарбий хизматга чақирилган янги аскарлар келиши билан ҳар йили янги ўқув йили мавсуми бошланади.
Янги ўқув йилининг очилиш маросимида ҳарбий округ қўшинлари қўмондони шахсий таркибга мудофаа вазирининг ҳарбий хизматчиларга йўллаган мурожаатини ўқиб эшиттирди.
Жумладан, мудофаа вазири мурожаатида ўтган мавсумда қўшинларда 60 дан ортиқ йўналиш бўйича танлов ва мусобақалар, хорижий давлат армиялари билан турли қўшма ўқувлар ўтказилгани таъкидланган.
“Том маънода тарихий ишларимиз натижасида Мудофаа вазирлигининг 14 та жамоаси «АрМИ – 2019» Халқаро армия ўйинларида қатнашиб, уларнинг 11 тасида совринли ўринларни эгаллади, Мудофаа вазирлиги терма жамоаси Хитойда ўтказилган Халқаро армия спорт ўйинларида биринчи марта иштирок этиб, 100 дан ортиқ иштирокчи давлатлар орасида энг кучли ўнталик қаторидан жой олди.
Разведка бўлинмалари Буюк Британияда ўтказилган «Кембрия патрули» ва АҚШда махсус қўшинлар ўртасида ўтказилган «Энг илғор жангчи» мусобақаларида фахрли 1-ўринни эгаллади”, дея мурожаатда эътироф этилган.
Мудофаа вазирлиги раҳбариятининг ташаббуси билан 2020-2021 ўқув йилида қўшинларнинг жанговар шайлиги ва тайёргарлигини ошириш бўйича тадбирлар «Жанговар взвод йили» шиори остида ташкил этилади.
Ҳарбий округ қўшинлари қўмондони ўтган ўқув мавсумида эришилган ютуқларни эътироф этиб, қўшинларни янги марраларни забт этишга руҳлантирди. Ҳар бир ҳарбий бўлинма бошқа бўлинма билан рақобатбардош, соғлом муҳитда мусобақалашиши кераклигини таъкидлади.
Барча ҳарбий қисм командирлари ҳам билдирилган юксак ишончга муносиб жавоб қайтариш, белгиланган вазифаларни сидқидилдан, садоқат билан бажаришга ваъда беришди.
Тантанали маросимдан кейин бўлинмаларда ўқув йилининг илк машғулотлари ташкил этилди. Унда дунё ва минтақадаги ҳарбий-сиёсий вазият, ҳарбий интизом ва ҳарбий хизматчилар ўртасидаги ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш, ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар билан муомалада бўлганда хавфсизлик талабларига риоя этиш борасида маърузалар тингланди. Янги келадиган муддатли ҳарбий хизматчилар билан машғулотлар ва бошқа тадбирларни юқори савияда ташкил этиш бўйича мутахассислар томонидан тавсиялар берилди.
ЎзА