Қорақалпоғистон Республикаси юқумли касалликлар шифохонасида коронавирус инфекциясидан тўлиқ тузалганлар бугунги кунга 129 нафарни ташкил этмоқда.
– Мамлакатимизда карантин чораларини юмшатиш, аҳолига имкониятлар яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлигига қарамасдан, айрим фуқаролар томонидан ижтимоий масофага амал қилмаслик, жамоат жойларида тиббий ниқоб тақмаслик ҳолатлари учрамоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бўлим бошлиғи Баўиржон Сигаев. – Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, маҳалла тизими ва бошқа давлат ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилаётган рейд тадбирлари давомида Нукус шаҳридаги бир қатор объектларда карантин қоидалари бўйича камчиликлар аниқланди, айрим фуқароларнинг тиббий ниқоб тақмаслик, автомашинани рухсатномасиз, ҳатто маст ҳолатда, ҳеч қандай ҳужжатларсиз бошқариш ҳолатлари учрамоқда.
Бундай хотиржамликка берилиш касалликнинг янада кенг тарқалиб кетишига олиб келади. Ҳеч ким «менда касаллик йўқ» деб кафолат бера олмайди. Шунинг учун ҳам ҳар биримиз карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда ҳаракат қилсак карантин қоидаларини юмшатиш мумкин. Зарурат бўлмаса, уйдан чиқмаслик керак.
Коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича ўтказилаётган тадбирлар давомида жамоат жойларида тиббий ниқоб тақмасдан юрган ва белгиланган карантин қоидалари бузилишига йўл қўйган 5 минг нафарга яқин фуқарога маъмурий жарима жазоси қўлланилган.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА