Эртага, 21 ноябрь куни пойтахтимиз Тошкентда шахмат бўйича мукофот жамғармаси 75 минг АҚШ долларидан иборат “Президент кубоги” баҳслари бошланади.
Бугун, 20 ноябрь куни дунёнинг кўзга кўринган гроссмейстерлари иштирокида ўтадиган турнирнинг ташкилий масалалари кўриб чиқилди.
Шахматчилар ўн кун давомида бош соврин учун ўзаро баҳс олиб боришади. Иштирокчилар FIDE рейтингидаги ўринларига қараб “А” ва “В” гуруҳларида дона суришади.
Халқаро турнир низомига кўра, “А” гуруҳида рейтинги 2250 ва ундан юқори шахматчилар қатнашса, “B” гуруҳидан рейтинги 2249 ва ундан паст шахматчилар жой олишган. Классик шахмат бўйича ўтадиган ушбу мусобақада партия 90 дақиқа ва ҳар бир юриш учун 30 сония вақт қўшиб берилади.
Нуфузли мусобақанинг “А” гуруҳида Top-10 рўйхатга киритилган шахматчилар қатнашади. Йўлланган талабномаларга биноан Нодирбек Абдусатторов (Ўзбекистон), Парҳам Магсудлу (Эрон), Амин Табатабаи (Эрон), Жавоҳир Синдоров (Ўзбекистон), Шамсиддин Воҳидов (Ўзбекистон), Ниҳал Сарин (Ҳиндистон), Нодирбек Ёқуббоев (Ўзбекистон), Пураник Абҳиманю (Ҳиндистон), Мурали Картикеян (Ҳиндистон), Муниретинам Пранеш (Ҳиндистон) бош соврин учун кураш олиб боради.
Халқаро турнир баҳслари 30 ноябрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА