Фермер ҳар бир имкониятдан самарали фойдаланиши керак

Қорақалпоғистон Республикаси Беруний тумани Махтумқули овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Ғаниев Гулим” фермер хўжалигида ғўза қатор ораларини чуқур юмшатиш, зараркунандаларга қарши курашиш, биолабораториялар томонидан амалга оширилиши лозим бўлган ишларга бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 14 апрель куни қишлоқ хўжалиги тармоқларини янада ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида қайд этилганидек, бу йил қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаси вакиллари учун катта синов ва кенг имкониятлар йили бўлади.
photo_2020-05-14_20-53-20.jpg

Беруний туманида жорий йилда 10275 гектар ерга чигит қадалган бўлиб, 24880 тонна пахта хом ашёси етиштириш режалаштирилган. Баҳорнинг серёғин келиши қишлоқ хўжалиги экинларининг ўз вақтида парваришини олиб боришда азамат деҳқонларимиз зиммасидаги масъулиятнинг янада ошишига сабаб бўлди. Минг машаққатлар билан ундирилган ниҳолларга агротехник тадбирларни ўз вақтида бажариш орқали куздаги мўл ҳосилга замин яратилади. Бунда культиваторлардан самарали фойдаланиш, тупроқни чуқур юмшатиш, майда чопиқ қилиш, ягоналаш, қишлоқ хўжалиги зараркунандаларига қарши курашиш ва бошқа тадбирларни амалга оширишга ўта масъулият билан ёндашишни тақозо этади.

Туманда бу борадаги ишларга алоҳида эътибор қаратилиб, масъул ходимлар ва мутахассислар томонидан ҳар бир фермер далалари кўздан кечирилмоқда ва уларга зарур тавсиялар берилаётир. Бугунги карантин шароитига қарамасдан тажрибали фермерлар, фидойи дала меҳнаткашлари сифатли бажарилган агротехника тадбирлари туфайли яратилажак мўл ҳосил, ундан келадиган даромаддан, энг аввало ўзлари, қолаверса, жамиятимиз катта наф кўришини яхши билади.

photo_2020-05-14_20-53-26.jpg

Шунинг учун ҳам, ҳар бир фермер хўжалиги раҳбари, масъуллар ўзларининг ихтиёридаги культиваторлардан самарали фойдаланиб, зарур ишларни тизимли ташкил этишга алоҳида эътибор бериши кераклиги қайд этилди. Табиат куч-қудратимиз, сабр-бардошимизни яна бир бор синовдан ўтказаётган жорий мавсумда бир тану бир жон бўлиб, мутахассислар томонидан тавсия этилаётган энг қулай агротехника тадбирларини мақбул муддатларда амалга оширсакгина белгиланган ҳосилни етиштиришга эришиш мумкин.

Тумандаги “Шоббоз” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Раҳматилло Чаман” фермер хўжалиги даласида уруғлик ғалла майдонларининг апробацияси бўйича кўргазмали семинар ҳам бўлиб ўтди. Жорий йилнинг ҳосили учун туманда 3350 гектар ерга кузги ғалла экилган эди. Тадбирда ғалла етиштирилаётган майдонлар апробацияси бўйича зарур вазифалар белгиланди.

photo_2020-05-14_20-53-33.jpg

Туман фермерлари ҳозирги синовли кунларда далаларидаги барча ишларни карантин қоидаларига қатьий риоя этилган ҳолда илғор агротехник тадбирлар асосида олиб бормоқда.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг Қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Собир Хожаметов иштирок этди ва фермерлар олдида турган долзарб вазифаларга тўхталди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА