Сирдарёга қурувчилар келиши давом этмоқда

“Сардоба” сув омбори ўпирилиши натижасида юзага келган сув тошқини келтирган зарарни бартараф этиш учун республикамизнинг барча вилоятлар ҳокимлари раҳбарлигида қурувчилар эшелони келиши давом этмоқда.

Навбатдаги кўмак карвони ва 700 нафардан зиёд қурувчини Сирдарёга Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошлаб келди.

Бу ҳақда Сирдарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

photo_2020-05-14_21-00-34.jpg

Андижонлик қурувчи-усталар сув тошқинидан жабр кўрганлар Мирзаобод тумани Навбаҳор маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Янги Сардоба” турар-жой мажмуасининг қурилиш ишларида иштирок этади.

Ушбу мажмуа 11 гектардан иборат бўлиб, таркибига турар-жой бинолари, мактаб, мактабгача таълим муассасаси, “Эко бозор”, хизмат кўрсатиш шахобчалари, оилавий шифохона ва маҳалла гузарлари қурилиши режалаштирилган.

Сурхондарё ва Намангандан вилоят ҳокимлари бошчилигида Сирдарёга етиб келган қурувчилар бригадалари тошқиндан зарар кўрган Оқолтин ва Мирзаобод туманлари маҳалларида қурилиш ишларини олиб боради.

photo_2020-05-14_21-00-30.jpg

Сурхондарёлик қурувчилар томонидан Оқолтин туманининг Шодлик, Учтом ва Навбаҳор маҳалла фуқаролар йиғинидаги тошқиндан зарарланган жами 120 хонадон қурилиб, қайта таъмирланади. Наманган вилоятидан келган 800 нафардан зиёд қурувчилар кўмагида эса Мирзаобод туманининг Навбаҳор маҳалласидаги тошқиндан жабрланган 135 хонадон қайта таъмирланиб, қад ростлаши режалаштирилмоқда.

Мухтасар қилиб айтганда, тошқиндан зарар кўрган Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманлари Ўзбекистонимизнинг энг қалби олов ва шижоатли қурувчи-усталари томонидан қайтадан бунёд этилади.

 

А.ҚАЮМОВ, Ф.ТОМАТОВ (сурат), ЎзА