“Mening fikrim” жамоавий мурожаатлар порталига “Инглиз тилида эфирга узатиладиган янги телеканални ташкил этиш ҳақида”ги петиция жойлаштирилди.
“Нафақат ёш келажак авлодни, шунингдек бутун халқимизни инглиз тилини билиш даражасини янада ошириш мақсадида давлат томонидан ёки давлат шерикчилиги асосида барча дастур ва лойиҳалари фақатгина инглиз тилида эфирга узатиладиган янги телеканал очишни таклиф қиламан”, дейилади петицияда.
Қайд этилишича, бугунги рақамли иқтисодиёт ва глобаллашув жараёни – ҳар қандай касб эгасидан соҳани ривожлантиришда чет эл тажрибасидан фойдаланиш учун инглиз тилини билишни талаб қилмоқда.
“Статистик маълумотларга таянадиган бўлсак, бугунги кунда интернетдаги маълумотларнинг кўп қисми инглиз тилида чоп қилинган. Шунингдек, ҳозирги карантин даврида ушбу ислоҳот ўқувчи ва талаба ёшлар учун айни муддао бўлар эди.
Юқорида келтирилганларни ҳисобга олган ҳолда, инглиз тилида эфирга узатиладиган янги телеканални ташкил этишни таклиф қиламиз”, дейилади мурожаатда.
ЎзА