XXI асрнинг 20-йили инсоният бошига кўп оғир синовларни солди. Дастлаб Австралия ўрмонларининг катта қисми ёниб, кулга айланган бўлса, бир оз ўтиб, Индонезияда кучли вулқоннинг “уйғониши” қанчадан-қанча ҳалокату талафотларни келтириб чиқарди.
Қолаверса, одамзоднинг ўзи ҳам тинч ўтиргани йўқ. АҚШ ва Эрон ўртасидаги зиддиятли вазият, Россия Федерацияси ҳамда ОПЕК давлатларининг нефть қазиб олишни камайтириш бўйича узоқ чўзилган баҳс-мунозаралари… Қисқаси, онгли мавжудотнинг баъзи қилғиликлари ўзига ёмонлик тилаб олиш, она табиатнинг қаҳрини келтиришга ўхшайди. Мана, ҳозир дунё аҳли шундай жиддий офат билан рўбарў бўлиб турибди — вируслар ичра энг “тождори”ни даф этолмай овора. Азалдан тўрт девор орасида ўтиришни оғир жазодай қабул қилган инсон боласи энди ўз ихтиёри билан уйга қамалишга мажбур. Пандемия шароитида бундан оқилона чора топилгани йўқ.
Албатта, саломатлик — бебаҳо неъмат. Танамизга ҳатто кичкинагина бир тикан кирса ҳам жонимиз оғрийди. Яхши ниятли инсонлар бошқаларга ҳам ёмонликни раво кўрмайди. Ер юзида касаллик бўлмаса, ҳеч ким ҳаёт билан бевақт видолашмаса, дейди. Аммо “коронавирус” (COVID-19) деган лаънати ўлат айни шу ожиз нуқтамизга зарба берди. Миллионлаб одамлар ушбу касалликни юқтириб олди. Минглаб кишилар у туфайли вафот этди. Энг ёмони, бу миқдор кундан-кунга ошиб боряпти. Ҳали жаҳон аҳли бу хасталикни бартараф эта олгани йўқ. Вирусни бутунлай ҳаётимиздан ҳайдаб чиқаришга эришсак ҳам, у қолдирган асоратлар биз учун анча вақтгача “бошоғриқ” бўлади. Катта-кичик мамлакатлар, ҳатто “тождор” бало етиб бормаган давлатларнинг ҳам пандемиядан сўнг аввалги қаддини тиклаб олишига йиллар кетади. Шунинг учун ҳам сайёрамизда ҳаёт ўз ўзанига қайтиши учун қатор ислоҳотлар зарур.
Тўғри илғадингиз, гап жаҳон иқтисодиётининг келажаги ҳақида! Энг майда заррага тенг “кўринмас ёв” манаман деган давлатларни ҳам танг аҳволга солиб қўяётганини кўриб турибмиз. Буни образли қилиб, “дунё иқтисодиёти қатағонга дуч келди”, дейиш мумкин. Барча йирик молиявий ташкилотлар жаҳон иқтисодиётининг яқин истиқболдаги тақдири хусусида прогнозларини эълон қилмоқда. Бу башоратларнинг қанчалик ҳақиқатга яқинлиги эса, биринчи навбатда, коронавируснинг қай даражада давомийлигига боғлиқ.
Тахминлар ўзини оқлайдими?
COVID-19нинг иқтисодиётга таъсирини ўрганиш жуда муҳим. Бу унинг ҳар бир индикатори ва сектори кесимида, алоҳида тадқиқотлар орқали амалга оширилиши керак. Масалан, ЯИМ, ишсизлик, ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар, туризм, хизматлар соҳаси, молия бозори ва ҳоказолар мисолида. Ўз навбатида, мазкур тадқиқотлар шунчаки иқтисодий прогноз бўлиб қолиши ва истиқболда ҳеч қандай аҳамият касб этмаслиги мумкинлигини ҳам инобатга олиш жоиз.
Қаранг, сўнгги 3-4 ой ичида дунё бўйича шу мавзуда 30 мингдан ортиқ мақолалар эълон қилинибди. Биргина нуфузли “Elsevier” платформасининг ўзида 21282 та тадқиқот иши натижалари илмий мақолага айлантирилибди. Аммо улар орасида пандемиянинг жаҳон иқтисодиётига ёки миллий иқтисодиётларга таъсирига бағишланганлари кам ва ана шу илмий материаллар маълум бир фикрга эга шахсларнинг қарашлари ҳамда прогнозлари билан чекланган. Бундай ҳолатнинг юзага келиши сабаблари турлича. Энг аввало, пандемиянинг давомийлигини ҳеч бир давлат аниқ билмайди. Ваҳоланки, коронавируснинг иқтисодиётга таъсирини таҳлил қилиш учун буни билиш жуда муҳим. Акс ҳолда, прогнозлар тахминлигича қолаверади.
Шунга қарамай, бир гуруҳ иқтисодчи олимлар коронавируснинг иқтисодиётга салбий таъсири тўғрисида илмий хулосаларини эълон қилишмоқда. Хусусан, “Corficolombiana” компанияси бош иқтисодчиси Ж. Ромеро “тождор” вируснинг глобал иқтисодиётга таъсирини ҳақиқий бўронга қиёслайди. Чунки ҳозирги кунда туризм ва товарлар таъминоти “занжир”ларига етказилган зарар шунчалик жиддийки, бу молиявий тизимга ҳам салбий таъсир кўрсатмаслиги учун ҳукумат томонидан муҳим чоралар кўрилиши зарур.
Бизнинг фикримизча, COVID-19 келтирадиган иқтисодий талафотлар муҳокамасини, аввало, мамлакат аҳолиси турмуш шароитини таҳлил қилишдан бошлаш керак. Зеро, одамларимизнинг аксарият қисми кунлик даромад топадиган, мавсумий ва ўзгарувчан характерга эга соҳаларда фаолият юритишади. Агар мамлакат иқтисодиёти инқирозга учраса, улар ҳам буткул хонавайрон бўлади, деган стереотиплар ҳам учраши табиий. Демак, коронавируснинг иқтисодиётга таъсирини аҳоли даромадларига боғлаган ҳолда ўрганиш муҳим.
“Домино эффекти”
Иқтисодиётнинг қайсидир секторида қандайдир бир салбий ҳолат юзага келса, қолган жабҳалар ҳам бундан зиён кўради. Буни “домино эффекти” дейишади. Ҳозир дунё иқтисодиёти айни шу эффект қурбонига айланган. Коронавирус етиб боргани ёки бормаганидан қатъи назар, ривожланган мамлакатлар қатори энг қолоқ давлатлар иқтисодиёти ҳам зарар кўрмоқда.
Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг иқтисодий прогнозига кўра, дунёда ЯИМ кўрсаткичининг 2020 йил якунлари бўйича ўсиши 2,4 фоизни ташкил қилади. Бу миқдор 2019 йил бўйича 2,9 фоизга тенг эди. Жорий йил якунларида ўтган йилдагига нисбатан яна 0,5 фоиз пасайиш бўлиши тахмин қилиняпти. Демак, мазкур касалликнинг тарқалишидан барча давлатлар иқтисодий зарар кўради, макроиқтисодий кўрсаткичлари жорий йил якунига келиб пасаяди, ҳатто айрим ҳолларда қулаши ҳам мумкин.
Халқаро валюта жамғармаси томонидан эълон қилинган прогнозлар эса юқоридагилардан бир оз фарқли. Хусусан, унда қайд этилишича, бутунжаҳон ЯИМ кўрсаткичи кескин қулайди, яъни 2020 йил ниҳоясида 3 фоиз камайиб, 0,1 фоизга тушади. Бироқ 2021 йилга бориб, иқтисодиёт шиддат билан ривожланиши натижасида 5,8 фоизлик маррага эришилади.
Хитой мисолида коронавируснинг нақадар хавфли ўлат эканлигини тушуниб етган мамлакатлар зудлик билан унга қарши чоралар кўра бошлаганидан хабарингиз бор. Дастлабки босқичда барча чегаралар ёпилди, давлатлар ҳудудида карантин режими эълон қилинди, корхона ҳамда ташкилотларда масофавий меҳнат фаолияти жорий этилди ва энг муҳими, вирусга қарши курашиш, шунингдек, мамлакат иқтисодиётига кўмаклашиш учун алоҳида жамғармалар ташкил этилди. Ушбу фондлар пандемиянинг иқтисодий асоратларини юмшатишга қаратилган бўлиб, биринчи навбатда, аҳоли заиф қатламини ҳимоя қилишни давлат олдига энг асосий вазифа сифатида қўйди.
Жамғармаларни шакллантиришда аксарият давлатлар кўпроқ ташқи қарз маблағларидан фойдаланмоқда. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари манбаининг қарийб 6 фоизи (598,5 миллиард сўм) Давлат бюджети ҳиссасига тўғри келади. Қолган қисми хорижий молиявий ташкилотлар қарзи ҳисобига шакллантирилиши кўзда тутилмоқда.
Мазкур жамғарма томонидан, аввало, иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган. Мисол учун, корхона ва ташкилотларга иқтисодий ёрдам кўрсатилади. Давлат кафиллиги тақдим этилади. Мамлакат аҳолиси ҳамда ташкилотларнинг кредит ва бошқа қарзлари қоплаб берилади (кредит таътили эвазига). Энг катта зарар кўрадиган соҳа — туризмга нисбатан солиқ юкини камайтириш, лицензияларни бекор қилиш, талабларни юмшатиш каби чоралар татбиқ этилади. Ёлланма ходимлар қўллаб-қувватланади ва иш ўринлари қисқариб кетишининг олди олинади. Бинобарин, давлат ташкилотларида фаолият юритувчи ходимлар иш ҳақи ва унга тенглаштирилган маблағлар билан таъминланади. Эҳтиёжманд оилаларга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериб турилади ҳамда тиббий хизмат кўрсатилади. Стипендия ва нафақаларнинг ўз вақтида берилишига эътибор қаратилади.
Иккинчидан, пандемияга қарши курашда фаолият олиб борувчи тиббиёт ходимлари рағбатлантирилиб, янги тиббий масканлар барпо этилади ва зарур тиббий жиҳозлар харид қилинади. Ва энг муҳими, мамлакатда ижтимоий тартиб сақланади.
Тўққиз йирик асорат
Иқтисодий нуқтаи назардан пандемиянинг салбий роли касалланган одамлар сони билан эмас, балки иқтисодий оқибатлари ёки асоратлари билан аниқланади. Хўш, бу нималарда намоён бўлади?
Биринчидан, иқтисодий прогнозлар пасайиши кузатилади.
Иккинчидан, ишлаб чиқариш фаоллиги тушиб кетади. Пандемия шароитида давлатлар кўплаб ишлаб чиқариш корхоналари эшигига вақтинча қулф осишга мажбур бўлди. Хусусан, Хитойда февраль-март ойларида ишлаб чиқариш фаоллиги рекорд даража — 40,3 фоизга тушиб кетди.
Учинчидан, коронавирус пандемияси хизмат кўрсатиш соҳасига ҳам салбий таъсир кўрсатди. Истеъмолчиларнинг чакана савдо, ресторан ва транспорт хизматларига сарфлайдиган харажатлари камайди.
Тўртинчидан, нефть нархи қулайди. Бу дунё бўйлаб ишлаб чиқариш фаоллиги сусайиши билан боғлиқ.
Бешинчидан, молиявий бозорларда хаос юзага келади. COVID-19 тарқалиши ва унинг глобал иқтисодиётга таъсири билан боғлиқ хавотиру қўрқувлар инвесторлар ҳиссиётига салбий таъсир кўрсатди. Оқибатда йирик фонд бозорларида акциялар нархлари кескин пасайиб кетди.
Олтинчидан, облигациялар даромадлилиги пасаяди. Вируснинг бутун дунё бўйлаб тарқалиши борасидаги хавотирлар бунга сабаб бўлади. АҚШ ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланадиган мамлакат хазиналари инвесторлар учун ҳозиргидай беқарорлик даврида энг афзал ва хавфсиз активлар ҳисобланишини эшитгандирсиз. Бироқ, ҳаттоки, АҚШ бондларининг даромадлилик даражаси ҳам ўтган ойларда 1 фоиздан паст кўрсаткични қайд этди. 10 йиллик облигациялар даромадлилик даражаси энг паст кўрсаткич — 0,3 фоизга тушиб кетди. Бу — тарихда кузатилмаган ҳолат.
Еттинчидан, халқаро ишсизлик кўрсаткичи ошиб кетади. Чунки баъзи давлатларда карантин ёки фавқулодда ҳолат эълон қилиниши ходимларнинг ишдан бўшатилишига олиб келди. Хусусан, АҚШда 17 миллиондан ортиқ кишилар ҳукуматга ишсизлик нафақаси сўраб мурожаат қилди. Бу шунча одам пандемия туфайли ишсиз қолганини англатади.
Саккизинчидан, халқаро туризм кўрсаткичлари кескин тушиб кетади. Сайёҳлик жаҳон иқтисодиётининг йирик тармоқларидан бири эканлиги ва ундан келадиган йиллик даромад 2019 йил якунлари бўйича 5,7 триллион долларни ташкил этганини ҳисобга олсак, муаммо кўлами нақадар катта эканлиги ойдинлашади. Қолаверса, деярли 330 миллион киши ёки дунёдаги иш билан банд инсонларнинг деярли 10 фоизи туризм секторида ишлайди. Сайёҳлик коронавирус пандемияси олдида энг заиф соҳага айланди.
Сайру саёҳатларни-ку қўя турайлик, дунё бўйлаб юз минглаб кишилар иштирок этиши режалаштирилган йирик анжуман ва тадбирлар бекор қилиниши, давлатлар чегаралари ёпилиши, халқаро авиақатновлар тўхтатилиши сектор ривожига озмунча зиён етказяптими?!
Тўққизинчидан, товар ва хизматлар экспорт-импорти деярли тўхтади. Халқаро савдо ташкилоти 2020 йилда жаҳон савдоси кўрсаткичларининг тушиш даражаси 13 ва 32 фоиз орасида бўлишини башорат қилаётир.
Чекловлар бизга нималарни ўргатди?
Танганинг икки томонини кўришга даъват этишади донолар. “Ҳар ёмонликда бир хайр бор”, деган нақл ҳам бор халқ орасида. Шу маънода, эл бошига иш тушган ҳозиргидай шароитда пандемия бизга тараққиёт учун янги имкониятларни ҳам туҳфа этди. Қандай дейсизми? Масалан, карантин туфайли онлайн савдолар ва етказиб бериш хизматлари жадал ривожлана бошлагани факт! Ўз навбатида, иқтисодиётнинг рақамлаштирилиши даражаси бир неча баробар ошгани ҳам рост. Қолаверса, ходимларни меҳнатга жалб қилишнинг янги имкониятлари юзага келганини ҳам инкор қилолмаймиз.
“Онлайн-банкинг” хизмати тараққий этгани, виртуал туризмнинг янги кўринишлари пайдо бўлгани муваффақият эмасми?!
Масаланинг бошқа жиҳати ҳам бор. Карантин режими эълон қилинганидан сўнг ҳар бир оила ўз истеъмолидан келиб чиқиб, бир ойда қанча маблағ ҳисобига рўзғор тебратиш мумкинлигини ҳисоблаб чиқишди. Бундан ташқари, уй шароитида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш имкониятлари юзага келди. Бинобарин, анимацион киноиндустрияга катта йўл очилиши, банклараро процессинг хизматлари янада жадаллашиши ҳам муҳим янгиликлар сирасидан.
Албатта, бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Санаганларимиз эса энг асосий жиҳатлардир.
Башоратларга эмас, ўз кучимизга таянамиз!
Эътироф этиш керакки, коронавирус пандемиясига қарши курашиш борасида Ўзбекистон танлаган йўл оқилона. Президентимиз томонидан 2020 йил 19 мартда “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон имзоланди. Ушбу ҳужжат асосида Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилиб, унинг маблағлари ҳисобидан қайси соҳалар биринчи навбатда молиялаштирилиши белгиланди. Бу эса пандемиянинг иқтисодий асоратларини юмшатиш имконини бериши билан аҳамиятлидир.
Шу ўринда халқаро молиявий ташкилотларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига доир прогнозларига тўхталмоқчимиз. Мисол учун, Жаҳон банки томонидан Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти кўрсаткичи 2020 йил якунлари бўйича 1,6 фоиз ўсиши тахмин қилинган. Бу 2019 йилдагига нисбатан 4 фоиз паст кўрсаткичдир. 2021 йилга бориб эса иқтисодиётимиз яна ривожланиш ҳолатига қайтади. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг макроиқтисодий захиралари, хавфсизлик тармоқлари ва давлат муассасалари ҳамда инқирозга қарши сиёсат таъминланган оилалар қатламининг ижтимоий ҳимоясига ёрдам бериши мумкин.
Халқаро валюта жамғармаси прогнозлари ҳам шунга яқин. Яъни Ўзбекистонда ЯИМнинг ўсиш кўрсаткичи 2020 йил якунларига кўра 1,8 фоизни ташкил этиши башорат қилинган. 2021 йил якунига бориб эса ЯИМнинг ўсиш кўрсаткичи 7 фоизни ташкил қилиши кутиляпти.
Албатта, прогноз дегани, бу — тахмин. Йил якунлари бўйича ижобий ўсиш суръатларига эришиш бугунги саъй-ҳаракатларга кўпроқ боғлиқ. Шу боис ҳозирги кунда Президентимиз, Ҳукуматимиз ва барча даражадаги раҳбарлар томонидан коронавирус инқирозига қарши курашиш борасида муҳим қарорлар қабул қилинмоқда. Чунончи, Марказий банк раҳбарияти кредит таътилларини эълон қилиши, қайта молиялаштириш ставкасини пасайтириши, инфляцион таргетлаш мақсадидан четга чиқмаётгани диққатга сазовордир.
Бу борада Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирларни уч қисмга бўлиб ўрганишимиз мумкин. Биринчиси бевосита пандемия билан боғлиқ. Яъни карантин марказлари, янги касалхоналар қуриш, дори-дармон, тиббиёт жиҳозлари сотиб олиш бўлса, иккинчиси аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга доирдир. Бунга Президентимиз Фармон ва қарорлари ижроси доирасида болали оилаларга берилаётган нафақалар муддатини чўзиш (тегишли маблағлар ажратган ҳолда), ишсиз, банд бўлмаган аҳоли учун жамоат ишларини ташкил қилиш мақсадида қўшимча маблағлар ажратиш кабиларни мисол сифатида келтириш мумкин. Учинчиси бандликни ва ишлаб чиқаришни рағбатлантириш мақсадида Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 3,6 триллион сўм маблағ ажратилганидир.
Шунингдек, Молия вазирлиги бюджетдан ташқари жамғармалар ҳисобидан асосий воситаларни харид қилиш, қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш билан боғлиқ харажатлар тўхтатилиши, давлат улушига ҳисобланган дивидендлар тўлиғича бюджетга ўтказилишини билдирган.
Булардан кўринадики, ҳозир давлатимиз бор куч ва имкониятини нафақат бу офатни, балки унинг асоратларини ҳам бартараф қилишга сафарбар этган.
Ҳамжиҳатлик — энг зарур чора
Пандемиянинг якуний кўламини ҳеч ким аниқ айтиб беролмайди. Иқтисодий прогнозлар ҳам тўғри бўлиб чиқмаслиги мумкин. Шундай экан, бугунги синовли вазиятда эртанги куни учун қайғурган давлатлар кўп ютқазмайди.
Яқинда Ўзбекистонда карантин эълон қилинганидан сўнг “Телеграм” мессенжерида аҳоли жамғармалари бўйича ўтказилган норасмий сўровнома натижалари эътиборимизни тортди. Унда қатнашган ярим миллиондан ортиқ аҳолининг 35 фоизи кун кечириш учун ҳеч қандай жамғармага эга эмаслигини таъкидлабди. Иштирокчиларнинг 50 фоизи эса шахсий захиралари 1 ойга етишини қайд этибди. Сўровномада, асосан, урбанизациялашиш даражаси юқори бўлган ҳудудлар (шаҳарлар, туман марказлари)да яшовчи юртдошларимиз қатнашганини инобатга олсак, мамлакатнинг 90 фоиз аҳолисида карантин шароитида кун кечиришлари учун бир ойга етар-етмас захира бор, деган хулоса келиб чиқади. Бу ишлаб топган даромадларимизни нотўғри ва самарасиз тақсимлаётганимизни тасдиқлайди. Яъни бу орқали мамлакатимиз аҳолисининг молиявий саводхонлик даражаси етарли эмаслигини аниқлашимиз мумкин.
Ушбу вазиятда ҳамюртларимизнинг жамғармалари мавжуд бўлиши учун уларни молия бозорига жалб этиш, банк омонатлари, фонд бозорлари ва инвестициялар каби имкониятлардан фойдаланишга ўргатиш зарур. Шунда давлат учун аҳолига пул топиб бериш эмас, балки озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласи устувор вазифага айланади. Негаки, 90 фоиз одамларимизнинг озиқ-овқат харид қилишга маблағи етарли бўлмаса, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ҳеч қандай мантиқ қолмайди.
Шу боис давлатимиз раҳбари коронавирус пандемиясига қарши курашиш бўйича қилган мурожаатида “Халқимиз ўз тарихида қандай оғир табиий офатларни кўрган бўлмасин, Қодир Аллоҳнинг марҳамати билан, ўзининг куч-қудрати, вазминлиги ва донишмандлиги орқали уларнинг барчасини енгиб ўтган”ини таъкидлади.
Шундай экан, меҳнаткаш халқимиз ҳамжиҳатликда ушбу инқирозни енгиб ўтиши, ҳукумат эса ушбу даврда хўжалик юритишнинг давлат-хусусий шериклик шаклини самарали ташкил этиши мақсадга мувофиқдир.
Қимматли қоғозларга эҳтиёж катта
Инқирозга қарши курашиш жамғармаси, асосан, халқаро молиявий ташкилотлар маблағлари эвазига шакллантирилишини юқорида айтдик. Аммо маблағ жалб қилиш учун пухта ҳисоб-китоб ва машаққат талаб этилади. Шуларни ҳисобга олган ҳолда, ҳозирги шароитда “евробонд”ларнинг эмиссия қилиниши айни муддао, деб ҳисоблаймиз. Фикримизча, “евробонд”ларни чиқариш халқаро ташкилотлар томонидан олинадиган ёрдам маблағларининг қайтарилиш шартларига қараганда анча соддароқ ва фойдалироқ. Бу эса пировардида мамлакат ташқи қарзларида ижобий роль ўйнайди.
Шу билан бирга, йирик корхона ва ташкилотлар, шунингдек, тижорат банклари ўз облигацияларини жаҳон молия бозорларига муомалага чиқаришга ҳаракат қилиши давр талабидир.
Бугун дунёда юз бераётган жараёнлар ва уларга нисбатан кўрилаётган чораларни таҳлил қилганда бир нарса аён бўлади: иқтисодиёти товар ва хизматлар, хом ашё ва технологиялар импортига ёки фақат хизматлар соҳаси, хусусан, туризмга боғлиқ бўлган давлатлар коронавирусдан катта зарар кўриши эҳтимоли юқори.
Иқтисодий таназзулга учрамаслик эса давлатнинг оқилона сиёсати эвазигагина амалга оширилади. Шошмашошарлик билан қабул қилинган қарорлар эса мамлакатни муқаррар инқирозга етаклаши мумкин.
Хулосамиз шундай: инсонлар умрини сақлаб қолиш ва соғлиқни сақлаш тизимига инвестиция киритиш энг устувор вазифага айланмоғи шарт. Шунингдек, аҳолининг энг заиф қатламини ҳимоя қилиш тизимини мустаҳкамлашда иқтисодий харажатлар пухта ҳисоб-китоб қилинганлигини таъминлаш талаб этилади. Зеро, пандемия хусусий сектор ва тадбиркорликни қисқа муддатли кредитлар, солиқ имтиёзлари ёки субсидиялар орқали қўллаб-қувватлашни тақозо этади. Бу эса нафақат ўзимизни омон сақлаш ва бу балои офатдан қутулиш, балки унинг асоратларини ҳам енгиллаштириш кафолатидир.
Норбой КАРИМОВ,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори,
иқтисодиёт фанлари доктори.