Сенат ялпи мажлиси: “Фахрий мураббий” ордени таъсис этилади

Сенат ялпи мажлисида “Фахрий мураббий” орденини таъсис этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни кўриб чиқилди.
Қонунга илова сифатида “Фахрий мураббий” ордени тўғрисида низом ҳамда “Фахрий мураббий” орденининг тавсифи тасдиқланган.
Орден билан ёшларни она Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий, умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёш истеъдод эгаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим ва қобилиятларини янада ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган юртдошларимиз тақдирланади. Орден билан чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам мукофотланиши мумкин.
Бундан ташқари, ҳудудларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, оилаларда меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, аҳолининг кам таъминланган қатламини ижтимоий ҳимоялаш ишларида фаол иштирок этаётган, “Устоз-шогирд” анъанаси асосида ёш авлодга касб-ҳунар сирларини ўргатаётган, тадбиркорлик ва ҳунармандчиликка кенг жалб этаётган, ёшларни ёт ғоялар таъсиридан асраш, улар ўртасида турли салбий иллатларнинг олдини олиш борасидаги муносиб хизмат қилаётган фуқароларга ҳам бу юксак мукофот берилади.
Сенат аъзолари қонунни маъқуллади.

 

ЎзА