Карантин қоидаларини бузганлар жазоланди

Карантин тадбирлари даврида кўчада маст ҳолда юриб, одамлар тинчлигини бузганлиги учун икки нафар фуқарога маъмурий қамоқ, бир нафар фуқарога жарима жазоси тайинланди.
Бу ҳақда Нукус шаҳар маъмурий суди раиси Амангелди Салиев ЎзА мухбирига маълум қилди.
Мамлакатимизда карантин тадбирлари эълон қилинганлигига қарамасдан ушбу фуқаролардан бири ўзининг туғилган кунини нишонлаш мақсадида зиёфат ташкил этди. Ҳамкасблар яхши тилаклар айтиб, бир-иккита шиша “Қоратов”ни бўшатди. Кўчада маст ҳолатда ниқобсиз юриб, одамларнинг тинчлигини бузди. Уларнинг бир нафари аёл эканлиги ачинарли. Тартибга чақиришга келган Ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларига бўйсинмасдан, қаршилик кўрсатган.
Бу шахсларга нисбатан расмийлаштирилган ҳужжатлар Нукус шаҳар маъмурий суди томонидан кўриб чиқилди. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг тегишли моддаларига асосан 1980 йилда туғилган фуқаро А.А.га 10 сутка, 1988 йилда туғилган фуқаро К.Ш.га 10 сутка қамоқ жазоси, 1984 йилда туғилган фуқаро Ю.М. (аёл)га базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида, яъни 1 миллион 115 минг сўм жарима тайинланди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА