Ҳимоя ниқоблари бепул тарқатилмоқда

Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир туманидаги кўп тармоқли “Rano-Sheber” корхонаси ҳимоя ниқоблари тайёрланиб тарқатмоқда. Корхонанинг хайрия ишлари БМТ Тараққиёт дастури томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
– БМТ Тараққиёт дастури томонидан Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир туманида хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда, – дейди БМТТД Оролбўйи минтақаси лойиҳаларининг оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик билан алоқалар бўйича мутахассиси Малика Мусаева. – Тумандаги “Rano-Sheber” цехи лойиҳаларимизда фаол иштирок этиб келмоқда. Корхонага 2019 йилда туя юнгини қайта ишлаш бўйича ускуна берилиб, натижада тумандаги ишсиз бир неча хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди.
Ҳимоя ниқоблари олти қатламли докадан ишлаб чиқарилмоқда. Корхона 2015 йилда туманнинг “Айдин Жол” қишлоқ фуқаролар йиғинида ташкил қилинган. Аввал тери юнгини қайта ишлашга мўлжалланган кичик цехдан фойдаланиб келган бўлса, 2018 йилда Ўзбекистондаги БМТТД кўмагида замонавий ускуна тақдим этилди.
– Биз туя юнгидан кийим, чойшаб ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқарамиз. Маҳсулотларимизни Қорақалпоғистон халқига етказиб бермоқдамиз. Коронавирус инфекцияси тарқалгани туфайли жорий қилинган карантин эълон қилингунга қадар биз маҳаллий аёллар учун маҳорат дарслари ва билим курсларини ўтказдик. Ҳозирда ҳимоя ниқобларини тайёрлаш билан бандмиз, – дейди “Rano-Sheber” кичик корхонаси раҳбари Улбулсин Аннабаева.

 

Е.Қаноатов, ЎзА