Давлат тили равнақи йўлида яна бир дадил қадам

Тил жамият ҳаётидаги энг муҳим ва ягона алоқа, муомала-муносабат воситаси ҳисобланади. Инсон тафаккур тарзи, дунёқараши тил ва сўз орқали чуқур намоён бўлади, ҳар қандай фикрини тил воситасидагина жонли ва таъсирчан баён қила олади. Шу жиҳатдан ҳам, тил ­– дил калити, тил – миллат қалби, миллат руҳи дея эътироф этилади.
Бугун мамлакатимизда давлат тилига бўлган эътибор ҳар қачонгидан ҳам кучли сиёсий мақом касб этиб, ўзининг янада юқори чўққисига кўтарилиб бормоқда. Миллат тили тақдири борасида узоқ йиллардан буён қайғуриб келаётган тилшунос, адабиётшунос, маданият ва санъат аҳлининг, ҳар бир миллатсевар, ватанпарварнинг мақсад-муддаолари муносиб ечимини топмоқда.
Куни кеча Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган давлат тилида иш юритишни таъминламаганлик учун мансабдор шахсларга жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ана шундай амалий ҳаракатларнинг яна бир натижасидир. Мамлакатимиздаги мавжуд ҳолат ва хорижий тажрибани ўрганиш асосида шакллантирилган ушбу қонун лойиҳаси давлат тили тўғрисидаги қонун моҳиятини кучайтириш, унинг мукаммал ижросини таъминлашнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилади. Бу борада мансабдор шахслар масъулиятининг оширилиши ҳам табиий. Қайси бир ташкилот раҳбарининг ўз она тилига ҳурмат ва эътибори чексиз бўлса, у шу тизим ходимларига ҳам ушбу талабни қатъий қўяди. Давлат тили меъёрларини билмаган ва риоя қилмаган ҳар қандай раҳбар чинакам ватанпарвар бўла олмайди.
Бинобарин, ҳозирги глобал жараёнлар, технологиянинг юксак тараққиёти даврида давлат тили талабларига риоя этилишини таъминлаш, миллий тил мақомини мустаҳкамлаш ва сақлаб қолиш долзарб муаммога айланиб бормоқда. Шунинг учун ҳам, миллат тилининг асосий ҳимоячиси ва тарғиботчиларидан бўлган Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш юзасидан мунтазам равишда таҳлилий-танқидий ўрганишлар олиб борилади, шу асосда тегишли органларга таклиф-тавсиялар тақдим этилади, аҳоли ва ёшлар ўртасида маънавий-маърифий тарғибот ишлари ташкил қилинади.
Моҳир сўз устаси Абдулла Қаҳҳор ҳам ўз даврида ўзбек тилига муносабатдан озорланиб, “Нега кўча қоидасини бузганга ҳуштак чалинади-ю, тил қонунларини бузганга ҳеч ким индамайди?” деган саволига арзирли жавоб ололмай хуноб бўлган. Биз ҳам узоқ йиллардан буён ушбу савол устида бош қотирдик, уни тил тўғрисидаги ҳикматлар қаторига қўйдик, ўз муносабатимизни шу орқали исботлашга уриндик.
Бугунга келиб, шахсан президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўзбек тилига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Бу йўналишда узоқ вақтдан буён ечимини кутиб келаётган муаммоларга барҳам берилмоқда.
Айни вақтда ижтимоий тармоқларда ҳар қандай баҳс-мунозараларга сабаб бўлмасин, мазкур қонун лойиҳасида ўзбек тилининг бугуни ва келажак тақдири назарда тутилган, Ўзбекистонда истиқомат қилаётган барча миллат манфаатлари қамраб олинган, бошқа тилларга нисбатан камситишга йўл қўйилмаган. Шундай экан, бутун мамлакат аҳли Адлия вазирлиги томонидан давлат тили талабларига жавобгарликни кучайтириш бўйича ишлаб чиқилган қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаши мақсадга мувофиқ. Зотан, бу қонуний талаб давр ва вазият тақозоси, ижтимоий зарурат маҳсули сифатида майдонга келди. Ҳуқуқий жавобгарлиги кучайтирилмаган ҳужжатнинг эса қоғозлардагина амал қилиш эҳтимоли юқори.
 
Феруза АЗИМОВА,
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг 
маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва давлат тили тўғрисидаги
 қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси

 

ЎзА