155 миллион 105 минг сўмлик хайрия ёрдами кўрсатилди

Касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан мамлакатимиз ҳудудига коронавирус пандемияси тарқалишининг олдин олиш мақсадида жорий этилган карантин даврида кам таъминланган оилалар, якка ёлғиз, ижтимоий ёрдамга муҳтож фуқаролар, ногирон бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги хайрли ишлар давом этмоқда.

Бу ҳақида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси ўринбосари Муратбой Данияров ЎзА мухбирига маълум қилди.
photo_2020-04-22_16-18-03.jpg

Хусусан, Оролбўйи шаҳар ва туманларда ташкил этилган ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари орқали бирлашма кенгаши ҳамда жойлардаги касаба уюшма органлари томонидан 670 та оилага 101 миллион 461 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулоти ва шахсий гигиена воситаси олиб берилди.

photo_2020-04-22_16-18-13.jpg

Коронавирус инфекциясига чалинган беморларни даволашда чинакам жасорат ва матонат кўрсатаётган жонкуяр ва олижаноб шифокорларимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида касаба уюшмалари томонидан 40 миллион 830 минг сўмлик 233 та комплект ҳимоя коржома ва антисептик воситаси, Қорақалпоғистон Республикаси юқумли касалликлар шифохонасининг 36 нафар тиббиёт ходимига 2 миллион 300 минг сўмлик эсдалик совғаси топширилди. Бундан ташқари, карантин тадбирлари даврида Мўйноқ тумани аҳолисига жами 3 миллион сўмлик 1500 дона тиббий ҳимоя ниқоби етказилиб берилди.

photo_2020-04-22_16-18-07.jpg
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши Раёсатининг жорий йил 31 март кунги қарори ижросини таъминлаш доирасида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига бугунги кунга жами 155 миллион 105 минг сўмлик хайрия ёрдами кўрсатилди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА