Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси 100 миллион сўм хайрия қилди

Синовли кунларда халқимиз ўзаро жипслигини, ҳамжиҳатлигини намоён этмоқда. Бинобарин, озгина имкони бор ҳар бир юртдошимиз коронавирус пандемиясига қарши курашишда кам таъминланган фуқароларни руҳан ва моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида ёрдамга шайлигини кўрсатмоқда. 
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси жамоаси ҳам бу эзгу ишдан четда қолмади.
Қўмита ташаббуси билан Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига 100 миллион сўм маблағ хайрия тариқасида ўтказиб берилди.
Фақат бугина эмас, қўмита ва унинг таркибидаги барча ташкилотлар жамоаси якдиллик билан ихтиёрий равишда бир кунлик иш ҳақини мазкур фондга кам таъминланган оилалар, боқувчисиз қариялар, ногирон ва ишсиз шахсларга озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар, гигиена воситалари харид қилиш учун беғараз ўтказиб беришга келишди.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси тиббиёт муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари ва лабораториялар ходимларига юртдошларимиз соғлиғи ва ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида курашда кўрсатаётган фидойилик, қатъият ва енгилмас иродаси учун чуқур ҳурмат билдиради, эҳтиром ва миннатдорлик изҳор этади.
 
Ветеринария ва чорвачиликни
ривожлантириш давлат қўмитаси
Ахборот хизмати

ЎзА