Хитойдан навбатдаги инсонпарварлик ёрдами келди

10 апрель куни Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонаси ва Шанхайдаги Бош консуллиги томонидан шакллантирилган навбатдаги инсонпарварлик юки, шунингдек, мамлакатимиз Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан харид қилинган тиббий ускуналар Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг махсус самолётида Тошкентга етиб келди.

Инсонпарварлик юки таркибида функционал тиббий кароватлар, ўпкани сунъий шамоллатиш, полимераза занжирли реакцияси ускуналари, рақамли рентген диагностика тизимлари, эхокардиография ва томир доплерлари учун кардиология сенсорли ультратовуш аппаратлари каби жиҳозлар бор. Ушбу инсонпарварлик юки Ўзбекистонда фаолият юритаётган Хитой тадбиркорлари уюшмаси ва қатор компания ва ташкилотлар томонидан тақдим этилди.
photo_2020-04-10_19-50-43.jpg

Ўзбекистонлик тадбиркор Гулбаҳор Тожимирзаева ҳамда футбол бўйича миллий терма жамоа сардори Одил Аҳмедовнинг тиббий буюмлар кўринишидаги хайрия юклари ҳам ушбу самолётда олиб келинди.

Қайд этиш жоиз, “Alibaba Group” компанияси ва Жек Ма номидаги жамғарма коронавирусга қарши кураш доирасида ШҲТга аъзо давлатлар, жумладан, Ўзбекистонга инсонпарварлик кўмаги кўрсатди. Тиббий ниқоблари ва комбинезонлар, тест тизимлари, пирометрлардан иборат юкнинг асосий қисми жорий йил 6 апрель куни мамлакатимизга олиб келинган эди. Бу гал жамғарма тақдим этган нафас йўлларида ижобий босимни таъминлайдиган 10 та аппарат юртимизга етказилди.

photo_2020-04-10_19-50-06.jpg

Мамлакатимизда коронавирус эпидемиясига қарши қатъий чоралар кўрилаётган айни дамда хитойлик ҳамкорларнинг Ўзбекистонга тиббий воситалар кўринишида ёрдам бераётгани Ўзбекистон билан Хитойнинг нафақат яқин ва ишончли шерик, балки умумий қийинчиликларни биргаликда бартараф этишга тайёр содиқ дўст эканини намойиш этмоқда.

Ўзбекистон элчихонасига Хитойнинг турли ҳудудларидаги шериклардан коронавирусни енгишда зарур дори-дармон, тиббий восита ва ускуналарнинг келиши давом этмоқда.

photo_2020-04-10_19-50-11.jpg

 

Мухаммад АМИН (сурат), ЎзА