13 ёшида фалсафа доктори бўлган даҳони биласизми? 10 апрель воқеалари...

ЎЗБЕКИСТОН ТАРИХИДА
943 йил (бундан 1077 йил олдин) – Сомонийлар давлатининг амири Наср II ибн Аҳмад 30 йил ҳукмронлик қилгач, тириклик пайтида тахтни ўғли Нуҳга топширди. Нуҳ Сомонийлар давлатида 943–954 йилларда ҳукмронлик қилди. Тарихчи Наршахий ўзининг “Бухоро тарихи” асарини унга бағишлаган.
1894 йил (бундан 126 йил олдин) – ХХ аср ўзбек адабиётининг улкан намоёндаси ўзбек романчилигининг асосчиси, ўтган асрнинг 20-йилларидаги муҳим ижтимоий-маданий жараёнларнинг фаол иштирокчиси Абдулла Қодирий таваллуд топди (вафоти – 1938 йил). Абдулла Қодирий вафотидан сўнг, 1994 йилда “Мустақиллик” ордени билан мукофотланган.
1912 йил (бундан 108 йил олдин) – қувалик Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Муҳиддин Умрдинов дунёга келди (вафоти – 1981 йил). Унга Орёл вилоятининг қишлоқларини қўлга киритишда кўрсатган алоҳида жасорати учун 1944 йил 4 июнда Қаҳрамон унвони берилган У Беларусдаги Бихова шаҳрининг фахрий фуқароси ҳисобланади.
1915 йил (бундан 105 йил олдин) – жадидларнинг Тошкентда 1914 йил 4 апрелдан нашр этила бошланган “Садои Туркистон” (“Туркистон овози”) газетаси фаолияти моддий қийинчиликлар туфайли тўхтатилди. Унинг 66 сони чиққан, холос.
1922 йил (бундан 98 йил олдин) – ургутлик Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, гвардиячи сержант Облоқул Узоқов таваллуд топди (вафоти – 1955 йил). Унга 1943 йил 28 сентябрда Днепр дарёсини кесиб ўтишда кўрсатган жасорати учун 1944 йил 15 январда Қаҳрамон унвони берилган. Урушдан сўнг халқ хўжалигининг турли соҳаларида масъул вазифаларда ишлаган.
1936 йил (бундан 84 йил олдин) – Собиқ Иттифоқ таркибидаги бошқа республикалар сингари Ўзбекистонда ҳам СССР Марказий Ижроия Комитети ва Халқ Комиссарлари Совети томонидан шахсий ўқитувчи унвони (ихтисослиги) жорий этилди. Ўшандан бошлаб педагогика ўқув юртини битирган ва давлат имтиҳони топширган шахсга расмий тарзда ўқитувчи ихтисослиги бериладиган бўлди.
1945 йил (бундан 75 йил олдин) – риштонлик Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, бўлинма командири бўлиб хизмат қилган Тўхтасин Аҳмедовга Одер дарёсидан кечиб ўтишда кўрсатган мардлик ва жасорати учун Қаҳрамон унвони берилди.
1979 йил (бундан 41 йил олдин) – Қашқадарё вилоятидаги Баҳористон, Қорақалпоғистон Республикасидаги Бўзатов туманлари ташкил этилди.
2014 йил (бундан 6 йил олдин) – “Ўзбекистон почтаси” компанияси томонидан тайёрланган Ал-Хоразмий ҳайкали тасвирланган почта маркалари муомалага чиқарилди.
2019 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистонда Шарда университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
ЖАҲОН ТАРИХИДА
1710 йил (бундан 310 йил олдин) – Англияда 1709 йилда қабул қилинган “Қиролича Аннанинг статути” – тарихдаги муаллифлик ҳуқуқига оид биринчи қонун кучга кирди. Унга кўра, муаллиф ўз қўлёзмасидан фойдаланиш ҳуқуқини 14 йилга сотиш имконига эга эди. Бу муддат ниҳоясига етгач, ҳуқуқ муаллифга қайтар ва у фойдаланиш ҳуқуқини яна шунча муддатга сотиши мумкин эди. Қонун китоб чоп этишнинг шиддат билан ўсишига олиб келди.
1722 йил (бундан 298 йил олдин) – Пётр I нинг буйруғи билан Санкт-Петербургда об-ҳавони тизимли кузатиб бориш ишлари бошланди.
1814 йил (бундан 206 йил олдин) – Гиссен университетида 13 ёшли Карл Витте (1800–1883) фалсафа доктори илмий даражасини олди. У ҳали-ҳамон фан доктори даражасини олган тарихдаги энг ёш киши ҳисобланади. 1810 йилда ёш Витте Лейпцигда етуклик аттестати учун имтиҳон топширди ва Гёттинген университетига қатнай бошлади. Бу ерда у тўрт йил давомида тарих, филология, математика ва фалсафа каби фанларни ўрганди. 1813 йилда 13 ёшли докторантнинг лотин тилидаги трактати дунё юзини кўрди.
Айнан шу трактат асосида 1814 йил 10 апрелда Витте Гиссен университетининг фалсафа доктори илмий даражасини олишга муваффақ бўлди. 1816–1817 йилларда Витте ҳали жуда ёш бўлгани учун на профессорлар, на талабалар унинг университетда маъруза ўқишига рози бўлмаса-да, у Берлин университетида маърузалар ўқиш ҳуқуқини қўлга киритди. Отаси даҳо фарзанди тарбияси тарихи ҳақида икки томли асар ёзган.
1883 йил (бундан 137 йил олдин) – Боқчасаройда Исмоил Гаспринский муҳаррирлигида чоп этилган “Таржумон” газетасининг биринчи сони чиқди. Унинг жами 2826 сони чиққан. Обуначилари 5000 тагача етган. “Таржумон”нинг муштарийлари Туркистонда ҳам кўпчиликни ташкил қилган. “Тилда, фикрда, ишда бирлик” сўзлари газетага шиор қилиб олинган.
1887 йил (бундан 133 йил олдин) – аргентиналик физиолог Хуссей Бернардо Альберто Усай дунёга келди (вафоти – 1971 йил). У қандли диабет касаллигида углеводлар алмашинуви издан чиқишини аниқлаган. 1947 йилда Нобел мукофоти лауреати бўлган.
1912 йил (бундан 108 йил олдин) – британларнинг “Титаник” лайнери Саутгемптон портидан ўзининг биринчи ва охирги денгиз саёҳатига чиқди.
1972 йил (бундан 48 йил олдин) – Бактериологик қуролни тақиқлаш тўғрисидаги халқаро Конвенция имзоланди.
1985 йил (бундан 35 йил олдин) – дунёдаги энг оммабоп интернет домени – “.com” рўйхатдан ўтказилди. Домен номи инглизча “commercial” (тижорий) сўзидан олинган.
2010 йил (бундан 10 йил олдин) – Смоленск (Россия Федерацияси)да бўлган авиаҳалокат натижасида Польша президенти Лех Качиньский, унинг рафиқаси Мария Качиньская ва бошқалар (97 киши) ҳалок бўлди.
2019 йил (бундан 1 йил олдин) – дунё аҳлига “қора туйнук”нинг биринчи тасвири намойиш этилди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ

 

ЎзА