Тожикистонга инсонпарварлик ёрдами жўнатилди

Президентимизнинг топшириғига мувофиқ, коронавирус тарқалишининг олдини олишга кўмаклашиш учун Тожикистон Республикасига инсонпарварлик ёрдами жўнатилди.
 
Ер шарида жиддий ташвиш ва хавотир уйғотаётган пандемия дунё бўйлаб авж олганидан буён Ўзбекистон инфекция тарқалишининг олдини олишга кўмаклашиш учун Хитой, Эрон, Афғонистонга инсонпарварлик ёрдамлари кўрсатди.
 
Давлатимиз раҳбари номидан ён қўшни ва азалий биродар тожик халқига юборилган дўстона ёрдам ҳам кўз илғамас офатни бартараф этиш учун биринчи навбатда эҳтиёж сезиладиган тиббий буюм ва воситалар ҳамда озиқ-овқат маҳсулотидан таркиб топган.
 
– Инсоният учун умумий офатга айланган ушбу касалликка барча давлатлар баҳамжиҳат бўлиб курашса, хавфу хатарни тезроқ бартараф этиш мумкин, – дейди Сурхондарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ж.Абраматов. – Бу масалага Ўзбекистон алоҳида эътибор билан қарамоқда. Ён қўшнимиз Тожикистонга кўрсатилган ёрдам ҳам ана шундай эзгу мақсадга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.
 
Яқин дўст тожик халқига юборилган инсонпарварлик юкида эпидемияга қарши курашда зарур бўладиган ҳимоя комбинезонлари ва кўзойнаклари, суюқ натрий гипохлориди, респираторлар, қўлқоп ҳамда пирометрлар, шунингдек, ун маҳсулотлари бор.
 
Бугун инсонпарварлик ёрдами юкланган поезд Сурхондарё вилоятидан Душанбе шаҳрига жўнаб кетди.

 

ЎзА