Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқди.
Қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 2019 йил 14 сентябрдаги Қўшма қарори билан тасдиқланган Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларнинг ихчам ўтказилишини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастурига асосан тайёрланган.
Қонун лойиҳаси билан тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш тартибига қўйиладиган умумий талабларга риоя қилмаслик учун маъмурий жавобгарлик белгиланиши кўзда тутилмоқда.
Ушбу тартибни мазкур тадбирларни ўтказувчи шахс томонидан бузиш – базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши назарда тутилаяпти. Тўйхона, кафе ва ресторанларнинг мансабдор шахслари томонидан бу тартибнинг бузилиши эса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари миқдорида жарима солишга олиб келади.
Назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгиланмоқда.
Мажлисда айрим депутатлар, фракциялар тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш тартибини бузганлик учун маъмурий жавобгарликни аҳолига эмас, балки тўйхона, кафе ва ресторанлар эгалари учун кучайтириш лозимлигини таъкидлади.
Бир гуруҳ депутатлар эса, кўзда тутилаётган жарима миқдорларини янада кескин ошириш бу борадаги тартиб-интизомни таъминлашда муҳим омил бўлишини қайд этди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилиши таклиф этилаётган ҳуқуқбузарликни аниқлаш, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш ҳамда ўрнатилган тартибда маъмурий судга юбориш масаласини ички ишлар органларига юклаш назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан концептуал жиҳатдан қабул қилинди.
Н.Насриев, Ф.Абдурасулов (сурат), ЎзА