22 март – Маҳалла тизими ходимлари куни этиб белгиланмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бошланди.
Депутатлар томонидан бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилмоқда. Шулардан бири – “Маҳалла тизими ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш ва қонун устуворлигини таъминлашда маҳалла институтини мутлақо янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
5.jpg
Жамиятда аҳоли осойишталигини ва қонун устуворлигини таъминлаш, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда маҳалла институтининг роли каттадир. Ўзбекистоннинг бой тарихи билан чамбарчас боғлиқ бу ўзига хос институтнинг мавқеини янада ошириш мақсадида, шунингдек, маҳалла тизими ходимлари фаолияти жамиятда муҳим аҳамиятга эгалигини инобатга олиб, мазкур қонун лойиҳаси билан 22 март санасини мамлакатимизда маҳалла тизими ходимлари куни этиб белгилаш таклиф қилинмоқда.
Депутатларнинг фикрича, ушбу қонун лойиҳаси қабул қилиниши мамлакатимизда маҳалла институти ва маҳалла тизими ходимлари фаолиятига кенг жамаотчилик эътиборини жалб этиш, уларнинг обрўси ҳамда мавқени янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Қонун қабул қилинди.

 

Н.Насриев , ЎзА