Лицензиялаш ва рухсатномалар бериш тартиби тубдан такомиллаштирилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 февраль куни тадбиркорлик фаолиятида лицензиялаш ва рухсатномалар бериш тартибини тубдан такомиллаштириш бўйича устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказди.

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга ўтган ойда йўлланган Мурожаатномада тадбиркорлик фаолиятида лицензиялаш тартибини қайта кўриб чиқиш ва яхшилаш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берган эди.

Илғор хорижий тажриба асосида лицензия ва рухсатномалар турларини қисқартириш, уларни бериш тартибини соддалаштириш ва тегишли талаблар бажарилишини мониторинг қилишнинг ошкора механизмларини ишлаб чиқиш ҳозирги давр талабидир.

Ушбу вазифаларни амалга ошириш мақсадида Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва Бизнес-омбудсман таркибида махсус Ишчи гуруҳ тузилган.

Йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев мазкур Ишчи гуруҳ ишини ташкил этишдаги асосий йўналишларни белгилаб берди.

Бинобарин, аввало инсон соғлигига ва жамиятга зиён етказмайдиган фаолият турлари лицензиялашдан чиқариб ташланиши лозимлиги таъкидланди.

Масалан, ўқув марказларидаги ўқитиш жараёни фуқароларнинг ҳаёти ва соғлигига зиён етказмаса-да, лицензияланади.

Айни пайтда, айрим лицензия шартлари соҳада рақобатни ҳам чекламоқда.

Хусусан, кредит тарихи тўғрисидаги маълумотларни тарқатиш билан ягона кредит бюроси шуғулланиб, бозорга бошқа тадбиркорлар киришига деярли имкон йўқ. Кредит бюросини очиш учун камида 10 та тижорат банкининг розилигини олиш талаб этилади. Мавжуд 30 та банкдан 26 таси ушбу ягона кредит бюросининг муассиси ҳисобланиб, қолган 4 та банк янги бюро ташкил этишга розилик берган тақдирда ҳам ташаббускор лицензия ололмайди.

Шу билан бир қаторда, тадбиркорлик фаолиятини тартибга солишнинг муқобил усулларини кенг жорий этиш лозимлиги қайд этилди.

Хорижий тажрибада лицензиялаш ўрнига хабардор қилиш, мажбуриятни суғурталаш, ўзини-ўзи бошқариш, техник тартибга солиш каби муқобил усуллар мавжуд. Мисол учун, турар жой объектларини нотурар сифатида қайд этиш учун тадбиркор алоҳида рухсатнома олиши керак. Ваҳоланки, бунинг учун давлат идоралари хабардор қилинса кифоя бўлиши мумкин.

Худди шундай, риэлторлик, аудиторлик, суд бошқарувчилиги каби фаолият турлари билан шуғулланувчиларнинг жавобгарлигини суғурталаш ёки ўз-ўзини бошқариш тизимларига ўтказиш мумкин.

Шу муносабат билан, Адлия ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлигига икки ой муддатда тадбиркорлик фаолиятини тартибга солишнинг муқобил усулларини жорий қилиш вазифаси юклатилди.

Давлатимиз раҳбари лицензия ва рухсатномалар бериш тартиби ва муддатларини ҳам қайта кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлади.

Адлия вазирлигига бир ой муддатда лицензия ва рухсатнома бериш муддатлари ва тўловларини ўрганиб чиқиб, уларнинг шартларини аниқ белгилаш юзасидан топшириқ берилди.

Ундан ташқари, баъзи ҳолатларда тадбиркор лицензия олиш учун узоқ вақт давомида сарсон бўлиб, керакли ҳужжатларни тўплаб топширади, бироқ арзимаган сабаблар билан унинг аризаси қайтарилади.

Йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев лицензиялаш жараёнларига замонавий технологияларни тўлиқ жорий қилиш зарурлигини қайд этди.

Лицензияларнинг 79 фоизи, рухсат берувчи ҳужжатларнинг 80 фоизи ҳанузгача қоғоз шаклида берилмоқда. “Лицензия” ахборот тизимлари комплекси 2014 йилда ташкил этилганига қарамай, бугунги кунда бу портал деярли фаолият юритмаяпти. Ўтган йили 4 мингдан ортиқ лицензия “бир дарча” тамойилига риоя қилинмасдан берилган.

Ахборот технологиялари ва коммуни-кацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Адлия вазирлигига жорий йил 1 августга қадар лицензия бериш билан боғлиқ барча жараёнларни тўлиқ автоматлашган ягона электрон тизимини ишга тушириш вазифаси қўйилди.

Давлатимиз раҳбари, шунингдек, лицензия талабларига риоя этишни (пост-лицензион) мониторинг қилишнинг янги, ошкора тизимини жорий қилиш лозимлигини кўрсатиб ўтди.

Масалан, ёнғин назорати органлари ёнғинга қарши воситаларни ўрнатувчилар фаолиятини назорат қилиши керак бўлса-да, бундай назорат тизими амалда мавжуд эмас.

Илғор хорижий тажриба асосида барча лицензия талаб қилувчи фаолият турларида автоматлаштирилган риск-анализ тизимини ва масофавий назоратни йўлга қўйиш зарурлиги айтиб ўтилди.

Бундан ташқари, Президентимиз таъкидланидек, соҳада коррупция ва турли суиистеъмолчиликларнинг олдини олиш мақсадида жамоатчилик назорати тизимини жорий қилиш талаб этилади.

Йиғилишда мутасаддилар олиб борилаётган ишлар ҳамда ҳар бир тармоқ кесимида қайси лицензия ва рухсатномаларни қисқартириш мумкинлиги тўғрисида ахборот берди.

 

ЎзА