Ўзбекистон – Сингапур: ҳамкорлик йўналишлари кенгаймоқда​

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев 5 февраль куни мамлакатимизда бўлиб турган Сингапур Республикаси Савдо ва саноат, миллий ривожланиш бўйича катта давлат вазири Ко По Кун бошчилигидаги делегация билан учрашди.

Суҳбат чоғида меҳмонларга Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида барча соҳаларда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берилди. Эришилаётган натижалар халқимиз ҳаётини сезиларли даражада ижобий томонга ўзгартираётгани таъкидланди.Янгиланишлар жараёнида, хусусан, давлат бошқарувини янада такомиллаштириш, коррупцияга қарши курашиш борасида Сингапур тажрибасини ўрганиш муҳимлиги қайд этилди.

Ко По Кун сўнгги йилларда Ўзбекистонда юз бераётган улкан иқтисодий-ижтимоий, сиёсий ўзгаришларни халқаро ҳамжамият, жумладан, Сингапур халқи ҳам катта қизиқиш билан кузатиб бораётганини маълум қилди. Мамлакатда кечаётган демократик янгиланишлар хорижий давлатлар, хусусан, Сингапур билан ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиши алоҳида қайд этилди.

Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни мунтазам кенгайтириб бориш, мутахассис кадрлар тайёрлаш, айниқса, давлат ходимлари малакасини ошириш бўйича тажриба алмашиш учун Сингапур олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик ўрнатишга келишиб олинди.

Шунингдек, Ўзбекистон билан Сингапур ўртасида тўғридан-тўғри самолёт қатновини йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинди. Мамлакатларимиз ўртасида мунтазам ҳаво қатнови йўлга қўйилиши дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш билан бирга, туризм соҳасини ривожлантириш учун ҳам кенг имкониятлар яратиши таъкидланди.

 

Саидмурод РАҲИМОВ, ЎзА