Ўзбекистон Республикаси тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйиб келаётган бугунги даврда таълим-тарбия тизимига алоҳида эътибор қаратилиб, янгича талаблар ишлаб чиқилмоқда.
Шу асосда 2019 йил 31 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Узлуксиз маънавий тарбия Концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди.
Бугун, 28 январь куни Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти, амалга оширилиши масалаларига йўналтирилган «Узлуксиз маънавий тарбия концепциясини амалга ошириш масалалари» мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Тадбирни институтнинг ёшлар билан ишлаш масалалари бўйича проректори Қ.Қадиров олиб борди.
Анжуманда академик Ж.Базарбаев «Маънавият қудратли куч – тарбиянинг асосий бўғини», доцент Қ.Қадиров «Янги Ўзбекистон: Янгича тарбиянинг концептуал асослари», бошланғич таълим факультети декани У.Сейтжанова «Оилаларда узлуксиз маънавий тарбияни амалга ошириш масалалари», мактабгача таълим кафедраси мудираси Г.Жумашева «Мактабгача таълим тизимида узлуксиз маънавий тарбияни амалга ошириш йўллари», бошланғич таълим педагогикаси ва психологияси кафедраси доценти А.Пазилов «Умумий ўрта таълим тизимида маънавий тарбияни ташкил этиш ва амалга ошириш масалалари» мавзуларида маъруза қилди.
Маърузачилар томонидан таъкидланганидек, давлатимиз «Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари» тамойили асосида тараққиётнинг янгича босқичига қадам қўймоқда. Бунда бир-биридан ажратиб бўлмайдиган таълим ва тарбияни узлуксиз ташкил этиш юқори эстетик фазилатларга эга, дунёқараши ва тафаккур доираси кенг, маънавий ва жисмоний жиҳатдан етук, ватанпарвар ёшларни вояга етказишга хизмат қилади.
Узлуксиз маънавий тарбия Концепцияси умумий 3 босқичда амалга оширилиши белгиланган. Булар:
1) Оилаларда – ҳомиладорлик пайтдан бошлаб боланинг 3 ёшгача бўлган даврини ўз ичига олади;
2) Мактабгача таълим – 3-6(7) ёшгача давр;
3) Умумий ўрта таълим – 7 ёшдан 17 ёшгача давр;
4) Ишлаб чиқаришда банд бўлган ва банд бўлмаган ёшлар, шунингдек, ўрта махсус касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари тизимида таълим олаётган ёшлар.
Тарбияга янгича муносабат юқорида таъкидлаганимиздек, 4 босқичда амалга оширилиб, ёшларнинг маънавий тарбиясини илмий-методологик жиҳатдан узлуксиз кўринишда, янги даражага олиб чиқишни талаб қилмоқда.
Қарорда, шунингдек, умумий ўрта таълим муассасаларининг 1-9-синфлари учун ўтиладиган «Одобнома», «Ватан туйғуси», «Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари», «Динлар тарихи» фанларини бирлаштирган «Тарбия» фанини жорий этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилганлиги маърузачилар томонидан таъкидлаб ўтилди ва юқори баҳо берилди.
Анжуманда Республика Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон Республикаси бўлими мудири Қ.Юсупов ва бошқа соҳа вакиллари сўзга чиқиб, мазкур Концепциянинг ёшлар тарбиясидаги аҳамиятига юксак баҳо берди. Яна қарорнинг ижроси, амалга оширилиши бўйича ўз таклифларини билдирди.
Мамлакатимизда ёшлар тарбиясини замонавий асосда илмий-методологик жиҳатдан ислоҳ қилиш бўйича олиб борилаётган бундай ишлар натижасида келажаги буюк давлатни барпо этадиган фаол ва фидоий, ақлий ва жисмоний жиҳатдан етук инсонлар етишиб чиқади.
Анжуман савол-жавоблар ва ўз аро фикр-мулоҳазалар билан давом этди.
Ислам Матеков,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.
Муаллиф олган фотосуратлар.