Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда бугунги кунда фаолият олиб бораётган туризм агентликлари, меҳмонхоналар, олий ва ўрта махсус ўқув юртлари вакиллари, туризм операторлари ва оммавий ахборот воситалари иштирок этди.
Таъкидланганидек, юртимизнинг бой ҳайвонот ва ўсимлик дунёси, бетакрор ландшафт манзараси, миллий анъана ва таомлари билан сайёҳлар эътиборини жалб этади. Қорақалпоғистон Республикаси ҳам И.В.Савицкий номидаги санъат музейи, Орол денгизи, жумладан, Мўйноқ тумани йўналишлари бўйича маълум. Шу билан бирга, тарихий, зиёрат қилиш, орнитологик туризмни ривожлантириш учун кенг имконият мавжуд.
Туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш, миллий туризм маҳсулотларини яратиш ва уларни жаҳон бозорида тарғиб қилиш муҳим аҳамият касб этади. Тадбирда малакали кадрлар тайёрлаш, туризм фаолияти субъектлари ходимларини мунтазам равишда қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича сўз юритилди.
– Жорий йилнинг 13-15 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Тошкент халқаро туризм ярмаркасида Оролбўйининг туризм салоҳияти акс эттирилган эксклюзив стенд “Энг яхши инновацион стенд” номинацияси бўйича ғолиб бўлди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси бошлиғи Байрам Кусекеев. – Ярмарка доирасида туризм агентликлари ва фирмалари, экскурсия ташкилотлари билан ҳамкорлик шартномалари имзоланди ва музокаралар олиб борилди. Бугунги тадбир ҳам туризм салоҳиятини янада юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Тадбир иштирокчиларининг қизиқтирган саволларига батафсил жавоб берилди.