Табиатни муҳофаза қилишга барча масъул

Германия Халқаро ҳамкорлик ташкилотининг (GIZ) Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан Журналистларни қайта тайёрлаш маркази билан ҳамкорликда оммавий ахборот воситалари учун “Экотизимларни сақлаш мақсадида жамиятнинг экологик маданиятини оширишда ОАВ роли” лойиҳаси доирасида Қуйи Амударё давлат биосфера резерватига медиа-тур ташкил этилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳит қўмитаси бўлим бошлиғи Қудойберган Аметов, Қуйи Амударё давлат биосфера резервати директори Елмурат Тилеўмуратов тадбир иштирокчиларига амалга оширилаётган ишлар тўғрисида батафсил маълумот берди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан ташкил этилган Қуйи Амударё давлат биосфера резервати Беруний ҳамда Амударё туманлари ҳудудида жойлашган бўлиб, жами 68717,8 гектарни ташкил этади. Шундан 11568,3 гектари қўриқхона ҳудудига, 6731,4 гектари буфер ҳудудига, 50418,1 гектари оралиқ ҳудудига киритилган.
Қўриқхона қатъий тартибдаги муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд ҳисобланиб, у илмий тадқиқотлар ва мониторинг олиб боришга мўлжалланган. Унинг ҳудудида ҳар қандай турдаги хўжалик фаолиятини олиб бориш тақиқланган.
Давлат биосфера резерватида 32 ходим фаолият олиб боради. Президентимизнинг жорий йил 20 мартдаги “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Қуйи Амударё давлат биосфера резервати Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тасарруфидан Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тизимига ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Зоология институти, Термиз давлат университети, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети билан ҳамкорликда икки томонлама шартнома имзоланган бўлиб, докторантлар, магистрлар ва иқтидорли талабаларнинг илмий ишлар олиб боришлари учун қулай шароитлар яратилган.
photo5334843565320285418.jpg
Жорий йилнинг ўтган даврида 16 ўрмон қонунбузарлиги аниқланиб, айбдорларга тегишли тартибда жарима белгиланди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, давлат биосфера резервати ҳудудидаги бир қанча ўсимликлар, қушлар, балиқларнинг турлари Ўзбекистон “Қизил китоби”га киритилган. Бундан ташқари, ушбу биосфера резерватида ҳашаротларнинг 1 минг 124 тури учрайди.
Илмий бўлим мутахассислари Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, талабалари билан Бухоро буғуларининг популяцияси, биосфера резервати энтемофаунаси, ҳудуддаги ўсимликларнинг мониторинги бўйича тўртта йўналишда илмий ишлар олиб бормоқда. Ўтган йилнинг куз ойларида ўтказилган саноқ даврида бу ерда 971 бошдан зиёд Бухоро буғуси қайд этилди. Уларни сақлаб қолиш ва зарар етказмаслик бўйича фермер хўжаликлари, корхона, ташкилот раҳбарлари билан аҳоли ўртасида тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
– Бухоро буғулари бош сонининг кўпайиши қувонарли, – дейди Қуйи Амударё давлат биосфера резервати директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари Ақилбек Тореев. – Лекин сувнинг тақчиллиги оқибатида қўриқхоналар ҳудудида ўсимликлар камайиб бормоқда. Бунинг учун яйловларимизни насос ёрдамида суғоришни йўлга қўйишимиз зарур. Бу ерлар 300-350 бош буғу учун мўлжалланган. Шунинг учун ҳам уларнинг ярмини “Назархон” участкасига кўчириш масаласини ҳал этишимиз керак. Бундан ташқари, бугунги куннинг даромад манбаи – экотуризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
photo5335014457774026111.jpg
Германия халқаро ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг “Амударёнинг куйи оқимида экотизимни сақлаш ва ердан фойдаланишга экотизимли ёндашиш” лойиҳаси доирасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг июль ойида давлат биосфера резерватининг тўрт нафар ходими Беларусь мамлакатида бўлиб, малака ошириб қайтди. Келгуси йили Туркманистонга мана шундай малака оширишни ташкил этиш режалаштирилган.
Журналистлар ҳудудда амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Оммавий ахборот воситаларида чоп этилган материаллар орқали аҳоли, шу жумладан, ёшларнинг экологик билимини юксалтириш, уларнинг она табиатга бўлган муносабатини ижобий томонга ўзгартириш ва уни биргаликда муҳофаза қилишга даъват этиш мумкин. Шу маънода бу каби медиа-турларнинг аҳамияти катта.
Яқин кунларда медиа-тур Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилояти оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ҳам ташкил этилади.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА