Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашувдан сўнг оммавий ахборот воситаларига интервью берди:
– Ўзбекистон раҳбари билан суҳбатимиз ғоят сермазмун бўлди. Биз Ўзбекистон – Россия ҳамкорлигининг деярли барча йўналишларини муҳокама қилдик, бир қатор долзарб муаммолар юзасидан фикр алмашдик.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берди. Россия билан ҳамкорликни кенгайтириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ҳам айни янгиланиш жараёнига ҳамоҳанг экани аниқ. Тўғрисини айтсам, кейинги уч йилда Ўзбекистонда рўй бераётган ўзгаришлар, турли соҳаларда эришилаётган юқори натижалар менда ёрқин таассурот қолдирмоқда.
Бугунги Ўзбекистон мутлақо бошқача, очиқ мамлакат. Президент Шавкат Мирзиёев белгилаб берган устувор йўналишлар жуда аниқ, тўғри танланган. Ўзбекистон ушбу йўналишлардан оғишмай бораётгани туфайли иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда юксак марраларга эришмоқда. Президентга ҳамма қулоқ соляпти, шу билан бирга давлат раҳбари ҳам халқни тинглаяпти, муаммоларга дарҳол эътибор қаратяпти.
Биз Россия бизнес вакилларида Ўзбекистонга бу даражада қизиқиш пайдо бўлишини кутмагандик. Ўзбекистон томонидан ҳам худди шундай қизиқиш кузатилмоқда. Инвесторларни, кичик ва ўрта бизнес вакилларини қўллаб-қувватлаш бўйича очиқ, шаффоф қонун-қоидалар юзага келди.
Шуни ишонч билан айтишим мумкинки, Ўзбекистон – Россия муносабатларини янада ривожлантириш имкониятлари кенг. Буни Президент ва парламент аъзолари билан учрашувларимиз ҳам тасдиқлайди. Ўзбекистоннинг иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, маҳсулот айланмасини бир неча баробар оширишга қизиқиши кучли. Маҳсулот айирбошлаш ҳажмини яқин келажакда 10 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилган. Икки мамлакатнинг турли даражадаги музокаралари бунга ҳозирдан пухта замин яратмоқда.
Аъло АБДУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА