Ўқитувчилар оиласи - энг ибратли оила!

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан ўтказилган «Ибратли оила» кўрик-танловида Кегайли тумани «Ақтуба» овул фуқаролар йиғинидан Жалоловлар оиласи ғолиб бўлди.
Президентимизнинг «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг оила ва жамиятдаги ўрни ва мавқеини мустаҳкамлашга, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштиришга хизмат қилмоқда. Ушбу ҳужжат ижросини таъминлаш, ёшлар ўртасида оила муқаддаслигини тарғиб қилиш, намунали оилаларни кўрсатиш мақсадида «Ибратли оила» кўрик-танлови мунтазам ўтказиб келинмоқда.
«Соғлом оила – соғлом жамият» консептуал ғоясини ҳаётга татбиқ этиш, замонавий намунали оиланинг мезонларини белгилаш, «Оила жамият ва давлат ҳимоясида» конституциявий принципини кенг тарғиб этиш мақсадида ўтказилган танлов иштирокчилари саломнома ва оила ҳаётига боғлиқ фотоальбом тақдим этиш, видеоролик, савол-жавоб ва саҳна кўриниши шартлари бўйича ўз маҳоратини намойиш этди.
Танлов ғолиби Жалоловларни ўқитувчилар оиласи, десак муболаға бўлмайди. Оила бошлиғи Женис Жалолов тумандаги 11-умумий ўрта таълим мактаби кимё фани ўқитувчиси, турмуш ўртоғи Минайим Дошимова ушбу мактабнинг тажрибали математика фани ўқитувчиси сифатида меҳнат қилмоқда.
Ўз касбининг моҳирлари ҳисобланган Женис Жалолов билан Минайим Дошимова икки нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказди. Ўғли Зухратдин Караматдинов Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиалининг 2 босқич, қизи Айжамал Караматдинова Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети 3 босқич талабаси.
Ўғиллари Зухратдин ўрта мактабда ва Кегайли қурилиш ва ахборот технологиялари касб ҳунар коллежида таҳсил олган пайтларида ЎзХДП Қорақапоғистон Республикаси Кенгаши томонидан ўтказилган «Ёш сиёсатчи» кўрик-танловида, «Юрт келажаги» республика болалар ижодиёти фестивалида совринли ўринларни эгаллаб, «Энг фаол Камолот аъзоси» фахрий ёрлиғи билан тақдирланган. Қизи Айжамал 2017 йилда Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори бўлди. Унинг «Ақтубанинг қизиман», «Ҳа губелек, губелек» шеърий ва «Жузик» ҳикоялар тўпламлари чоп этилди. Эътиборлиси шуки, «Жузик» тўплами қорақалпоқ ва инглиз тилларида чоп этилди. «Кекселерде бала бўлған» тўпламига Айжамалнинг қатор ҳикоялари киритилди.
– Ўсиб келаётган авлодни миллий қадриятлар асосида тарбиялашда оила муҳим аҳамиятга эга, – дейди Минайим Дошимова. – Биз ҳамда фарзандларимиз қўлга киритаётган ютуқлар оиламиздаги муҳит, ўзаро ҳурмат ва тинчлик-хотиржамлик самарасидир. Мазкур кўрик танловда ғолиб бўлганимиз ҳам оиламиз аҳиллигидан. Танловнинг кейинги босқичида ҳам муваффақиятли иштирок этамиз.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА