Сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари рўйхатга олинди

Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлис кун тартибидан сиёсий партияларнинг ваколатли вакилини рўйхатга олиш масаласи ўрин олди.
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 34-моддасига асосан депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партия сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш учун ваколатли вакил тайинлашга ҳақли.
Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 11 сентябрдаги қарори билан тасдиқланган “Сиёсий партиянинг ваколатли вакили тўғрисида”ги низомга мувофиқ Сиёсий партия юқори органининг раҳбари сайлов кампанияси бошланганлиги расман эълон қилинган кундан бошлаб беш кунлик муддатда ўз ваколатли вакилини тайинлайди ҳамда уни рўйхатдан ўтказиш учун Марказий сайлов комиссиясига тегишли ҳужжатларни тақдим этади.
Маълумки, Марказий сайлов комиссияси томонидан 2019 йил 20 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови бўйича сайлов кампанияси бошланишини эълон қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди ва шу кундан бошлаб сайлов кампанияси бошлангани эълон қилинди.
Шу муносабат билан, мамлакатимиз сиёсий майдонида фаолият олиб бораётган бешта сиёсий партия раҳбарлари ўз ваколатли вакилларини тайинлаб, уларни рўйхатдан ўтказиш учун Марказий сайлов комиссиясига мурожаат қилди ва тегишли ҳужжатларни тақдим этди.
Марказий сайлов комиссияси партиялар раҳбарлари тавсия этган ваколатли вакилларга тегишли хужжатларни кўриб чиқиб, уларни рўйхатга олиш ҳамда гувоҳномани (мандат) бериш ҳақида қарор қабул қилди.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Бахтиёр Ёқубов, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Абдукамол Раҳмонов, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Нодир Мухторов, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Улуғбек Вафоев, Ўзбекистон Экологик партиясидан Ислом Хушвақтов ваколатли вакиллар сифатида рўйхатга олинди.
Сайлов кодексига асосан сиёсий партия ўзининг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи камида 40 минг сайловчининг имзосини тўплаган тақдирдагина депутатликка номзодлар кўрсатиши мумкинлиги ва имзо варақаларининг бланкалари сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилингандан кейин Марказий сайлов комиссияси томонидан берилиши белгиланган.
Юқоридагиларга асосан тадбирда Марказий сайлов комиссияси томонидан сиёсий партияларнинг ваколатли вакилларига уларнинг рўйхатга олиганлиги ҳақидаги гувоҳномалар ҳамда сайловчиларнинг имзоларини тўплашлари учун белгиланган намунадаги имзо варақалари топширилди.

 

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА