Марказий Осиё иқтисодий ҳамкорлиги: энергетика соҳасидаги мулоқот

Тошкентда 20 сентябрь куни Марказий Осиё иқтисодий ҳамкорлигига аъзо давлатлар энергетика вазирларининг биринчи минтақавий мулоқоти (CAREC) ва “Энергетика инвестиция форуми – 2019“ ўз ишини бошлади.
CAREC Осиё тараққиёт банки ташаббуси билан 1997 йил минтақавий ва кўп томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида ташкил этилган. Бугунги кунда ташкилотга 11 давлат аъзо. CAREC доирасида божхона, транспорт-транзит, энергетика, сув ресурсларини бошқариш, туризм, инвестиция каби йўналишларда минтақавий лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда. Жорий йилда ташкилотга Ўзбекистон раислик қилмоқда.
Марказий Осиё иқтисодий ҳамкорлигига аъзо давлатлар энергетика вазирларининг биринчи минтақавий мулоқотида иштирокчи давлатлар – Ўзбекистон, Aфғонистон, Озарбайжон, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Покистон, Тожикистон давлатлари энергетика вазирлари қатнашди. Шунингдек, Туркия энергетика вазири кузатувчи сифатида иштирок этди.
Тадбир очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Ариповнинг тадбир иштирокчиларига қутловини Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Алишер Султонов ўқиб эшиттирди.
Тадбирда CAREC минтақавий иқтисодий ҳамкорликнинг таъсирчан механизми сифатида шакллангани, Ўзбекистон эса ташкилот доирасидаги конструктив мулоқотни таъминлашда алоҳида ўрин тутаётгани таъкидланди. Тошкентда икл бор ўтказилаётган мазкур мулоқот минтақада интеграция жараёнини янада чуқурлаштириш, САRЕС доирасидаги ҳамкорликда янги саҳифа очиш имконини бериши қайд этилди.
Сўнгги икки йилда бу йўналишда мамлакатимизда муҳим қадамлар қўйилди. Ёқилғи-энергетика саноатига бозор механизмларини жорий қилиш ишлари олиб борилмоқда. Ўзбекистонда атом энергетикасини ривожлантириш мақсадида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 19 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди. Ушбу агентлик атом энергетикасини ривожлантириш соҳасида давлат бошқаруви органи этиб белгиланган.
Мулоқотда минтақада энергетика соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Қайд этилганидек, Марказий Осиёда иқтисодий ўсишни таъминлаш зарурати ва энергияга бўлган талабнинг ортиб бориши натижасида 2030 йилга келиб минтақада энергия қувватини икки баравар ошириш талаб этилади. Бу эса, ўз навбатида, соҳага киритиладиган умумий сармоялар ҳажмини 400 миллиард долларга оширишни тақозо этади.
Мулоқотда инвестициялар учун мақбул шароитни яратишга доир тақдимотлар бўлиб ўтди. Минтақавий энергетика хавфсизлигини ошириш, мамлакатлар энергетика тизимларини ислоҳ қилиш ва энергетика бозорларини эркинлаштириш таклифлари илгари сурилди.
Тадбир доирасида CARЕCга аъзо давлатлар энергетика вазирлари томонидан қўшма декларация имзоланди. Мазкур тарихий ҳужжат ташкилотга аъзо мамлакатларга CARЕC – 2030 учун умумий энергетика стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда ҳамкорликни мустаҳкамлашни кўзда тутади.
– Энергетика соҳаси минтақадаги иқтисодий ўсишни рағбатлантиради, – деди Осиё тараққиёт банки вице-президенти Дивакар Гупта. – Мулоқот доирасида имзоланган ҳужжат эса минтақада ишончли ва арзон энергия таъминоти, замонавий энергия бозорларини ривожлантириш, барқарор энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлайди.
Тадбирда CARЕCнинг келгуси 10 йиллик учун энергия стратегияси тасдиқланди.
Шу куни мулоқот иштирокчилари Тошкентда ташкил этилган “Энергетика инвестиция форуми – 2019“ очилишида иштирок этди.
Мазкур тадбир минтақа энергетика секторининг янги имкониятларини очиш, хусусий инвестицияларни жалб қилиш мақсадида ташкил этилди. Унда энергетика соҳаси раҳбарлари, инвесторлар, халқаро молия институтлари, дипломатик корпус, ишбилармон доира вакиллари иштирок этмоқда.
Форумда Марказий Осиёда муқобил энергия манбаларига ўтишни фойдали бизнесга айлантириш масалалари, энергетика соҳасидаги минтақавий стартаплар ва инновацион бизнес моделлар кўриб чиқилиб, бизнес юритиш тартиб-таомиллари бўйича учрашувлар ташкил этилмоқда.
CARECга аъзо давлатлар энергетика вазирларининг биринчи минтақавий мулоқоти ва “Энергетика инвестиция форуми – 2019“ иштирокчилари пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрининг “Ореn Air” концерт дастурида қатнашди.
photo5199425046068702602.jpg
photo5199425046068702603.jpg
photo5199425046068702604 (1).jpg
photo5199425046068702605.jpg

 

Малоҳат ҲУСАНОВА, Фарҳод АБДУРАСУЛОВ (сурат), ЎзА