Ўтган йилнинг 3 сентябрь куни Қирғизистоннинг Чўлпон ота шаҳрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг олтинчи саммити бўлиб ўтган эди. Саммитда тузилмага аъзо мамлакатлар – Озарбайжон, Туркия, Қирғизистон, Қозоғистон Президентлари билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Венгрия Республикаси Бош вазири Виктор Орбан фахрий меҳмон сифатида қатнашди. Саммитда нутқ сўзлаган давлатимиз раҳбари халқларимизни ўхшаш тил, муштарак маънавий қадриятлар ва ҳамкорлик ришталари бир-бирига боғлаб келаётгани, бугунги кунда Кенгашнинг сиёсий кун тартибида ҳеч бир муаммо ёки келишмовчилик мавжуд эмаслигини қайд этган эди.
“Мамлакатларимиз долзарб халқаро ва минтақавий масалаларда ўзаро мос ёки яқин қараш ва ёндашувларга амал қилиб келмоқда. Айни вақтда халқларимизнинг ҳаётий манфаатларига тўла жавоб берадиган иқтисодиёт, инвестиция, инновация, транспорт ва коммуникация, туризм, илм-фан ва таълим каби соҳаларда ўзаро ҳамкорлик фаол ривожланмоқда”, деди Шавкат Мирзиёев. Ўшанда таъкидланганидек, мамлакатимизнинг Туркий кенгашга аъзо давлатлар билан ўзаро савдо ҳажми охирги бир йилда 40 фоиздан зиёд ошди. Ўзбекистон раҳбари бу кўрсаткичлардан анча юқори марраларга эришиш мумкинлигини таъкидлаб, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши доирасидаги алоқаларни ривожлантиришга доир муҳим йўналишларга тўхталиб ўтди. Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатлар, аввало, қўшни давлатлар билан ҳамкорликни изчил ривожлантираётгани, ушбу халқаро тузилманинг келажагига катта умид ва ишонч билан қарашини таъкидлади.
“Туркий кенгаш доирасида ўзаро самарали ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдормиз. Ҳозирги босқичда унинг фаолиятида мамлакатимиз учун амалий жиҳатдан қизиқиш уйғотадиган йўналишлар бўйича иштирок этишга тайёрмиз”, деди Шавкат Мирзиёев.
2009 йилнинг 3 октябрь куни имзоланган “Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван Битимини ратификация қилиш тўғрисида”ги қонун 14 сентябр куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланди. Аввалроқ мазкур Қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма иккинчи ялпи мажлисида тасдиқланган эди.
Аъзо давлатлар Ўзбекистоннинг туркий тилли давлатлар Ҳамкорлик Кенгаши (Турк кенгаши) га аъзо бўлиб киришини қўллаб-қувватлади. Сиёсий доираларда мамлакатимизнинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашида иштирок этиш нияти юқори баҳоланмоқда. Озарбайжон ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистоннинг Нахичеван келишуви ратификациясининг якунлаши туркий тилли давлатлар бирдамлигини мустаҳкамлашда навбатдаги муҳим воқеа бўлганини эътироф этди. “Ўзбекистон Республикасининг Турк Кенгашида ўзини тақдим этиш қарори бизнинг кўп асрлик чуқур илдизларга асосланган маданий ва тарихий қардошлигимизни янада ривожлантириш, замон талабларига мувофиқ туркий тилли давлатлар манфаати, фаровонлиги нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистоннинг Турк Кенгашига қўшилиши ҳақидаги тарихий қарорнинг Нахичеван келишуви имзоланишининг 10 йиллик санасига тўғри келишида Озарбайжон Республикаси учун алоҳида рамзий маъно бор. Шу йилнинг 15 октябрь куни Бокуда бўлиб ўтадиган Турк Кенгашининг 7-саммитида Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги қардош Ўзбекистон делегациясини қарши олиш кўнгилли хушхабар ва улкан шарафдир”, – дейилади Озарбайжон ташқи ишлар вазирлигининг баёнотида.
Қирғизистон Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар Ҳамкорлик Кенгаши (Турк кенгаши) га аъзо бўлиб киришини табриклайди. Бу ҳақда Қирғизистон ТИВ матбуот хизмати баёнот билан чиқди.
“Туркий тилли давлатлар Ҳамкорлик Кенгашига раислик қилаётган Қирғизистон Республикаси Ўзбекистонинг Туркий тилли давлатлар Ҳамкорлик Кенгашига аъзолиги борасидаги қарорини ва Қирғизистон раислиги вақтида қабул қилинишини табриклайди”, – дейилади баёнотда. ТИВнинг таъкидлашича, қардош Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар Ҳамкорлик Кенгашига аъзолик масаласи ўтган йили Чўлпон ота шаҳрида бўлиб ўтган саммитда қабул қилинган эди. Келиб тушган мурожаатга биноан Қирғизистон томони бу масала юзасидан аъзо давлатларни зудлик билан хабардор қилган. “Шубҳасиз, Ўзбекистоннинг мазкур тарихий қарори Ташкилот фаолиятига янгича руҳ бағишлайди ва туркий тилли давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга ҳисса қўшади”, – дейилади Қирғизистон ташқи сиёсат маҳкамаси баёнотида.
Қозоғистон ҳам Туркий тилли давлатлар Ҳамкорлик Кенгашига Ўзбекистоннинг аъзолигини қўллаб қувватлаши юзасидан баёнот берди. “Турк дунёси учун ўта муҳим бўлган мазкур қарор Нахичеван Битимининг 10 йиллиги байрам қилинаётган санага тўғри келди. Ўзбекистоннинг туркий тилли давлатлар Ҳамкорлик Кенгашига аъзолик масаласи борасидаги қарор 2019 йил 15 октябрь куни Бокуда бўлиб ўтадиган давлат раҳбарларининг 7- саммитида қабул қилинади”, дейилади Қозоғистон ТИВ баёнотида. Қозоғистон дипломатларининг фикрича, Ўзбекистоннинг кенгашга аъзолиги “турк дунёсининг интеграциялашуви мустаҳкамланишига ва аъзо давлатлар ҳамкорлигининг, туркий тилли мамлакатлар иқтисодий ҳамкорлиги мустаҳкамланиши йўлида аниқ қадамлар қўйилаётган бир даврда янги уфқларга чиқишига хизмат қилади.
Туркия хам Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар Ҳамкорлик Кенгашига аъзолиги борасидаги қарорни мамнуният билан кутиб олди. Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тарқатилган баёнотда таъкидланишича, “Тошкентнинг ташкилотга тўлақонли аъзолиги турк тилли мамлакатларнинг бирдамлигига ҳисса қўшади, ҳамкорликни чуқурлаштиради, халқларнинг фаровонлиги йўлида қилинаётган ишларнинг даражасини юксалтиради”.
Туркия ташқи ишлар вазири Мевлют Чавушоғлунинг сўзларига қараганда Туркий тилли давлатлар Ҳамкорлик Кенгаши тобора кенгайиб бормоқда. “Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар Ҳамкорлик Кенгашига аъзо бўлишга қарор қилди. Ўзбекистон томонининг расмий мурожаати Турк кенгаши котибиятига келиб тушди”, деди Чавушоғлу. Унинг қайд қилишича, тез орада Туркий тилли давлатлар Ҳамкорлик Кенгаши мухим минтақавий ташкилотлардан бирига айланади.
Туркий тилли давлатлар Ҳамкорлик Кенгаши (Турк Кенгаши) (озарбайжонча Türk Şurası, қозоқча Түркі кеңесі, қирғизча Түрк кеңеши, туркча Türk Keneşi, ўзбекча Turkiy Kengash, Туркий Кенгаш, инглизча Turkic Council)– турк дунёси мамлакатлари мулоқоти ва ҳамкорлигини ривожлантириш учун ташкил этилган халқаро платформадир.
2009 йилнинг 3 октябрида Озарбойжоннинг Нахичеван шаҳрида Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистондан иборат тўрт давлат иштирокида Туркийзабон давлатларнинг ҳамкорлик кенгаши тузилгани эълон қилинган бўлиб, унинг фаолияти принциплари 2016 йил 16 сентябрдаги Истанбул декларациясида эълон қилинган.
Турк Кенгашининг тузилмалари қуйидагилардан иборат: Қароргоҳи Истанбулда жойлашган котибият, Президентлар Кенгаши, Ташқи ишлар вазирлари Кенгаши, Катта мансабдор шахслари қўмитаси, Оқсоқоллари кенгаши ва Бокудаги Парламент ассамблеяси, Нур-Султонда Турк академияси, Анқарада турк маданияти халқаро ташкилоти (ТУРКСОЙ) .
1992 йилдан бошлаб турк тилли давлат раҳбаларнинг Саммити ўтказиб келинар эди. 2009 йил 3 октябрда Нахичеван Битми имзоланди.
Таҳлилчиларнинг фикрича, бугунги кунда туркий тилли халқлар ер юзининг турли қитьаларида истиқомат қилмоқда. Уларни Евросиёда ҳам, Шимолий Америкада ҳам учратиш мумкин.
“Турк” сўзининг маъноси ҳақида тортишувлар ҳамон давом этмоқда. Айрим таҳлилчилар türk сўзи “қудрат ва фаровонликка эришиш” деган маънони англатишини таъкидлашади. Хитой тарихчиларнинг қатьий ишонч билан ёзишларича, туркийлар хунларнинг бевосита авлодлари ҳисобланади.
Бугунги кунда туркий халқлар ва ҳудудлар ҳақида сўз юритадиган бўлсак, кўз ўнгимизда жуда катта майдонда, 10 миллион квадрат километрли масканда яшаётган халқлар намоён бўлади. Масалан, Туркия турклари 60,8 млн,озарбайжонлар 31,3 млн, ўзбеклар 30,7 млн, қозоқлар 15,1 млн, уйғурлар 11,9 млн. туркманлар 8 млн, татарлар 6,8 млн, қирғизлар 4,3 млн, бошқирдлар 1,7 млн, чувашлар 1,5 млн, қорақалпоқлар 796,6 минг, қрим татарлари 500 мингдан 5 млн.гача дейилади, ёқутлар 482,8 минг, қорачайлар 346 минг, туваликлар 273,1 минг,гагаузлар 177,1 минг, балкарлар 112 924, нўғайлар 110 минг, хакаслар 75 минг, олтойликлар 70,8 минг кишини ташкил қилади.
Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки,Туркий кенгашнинг кенгайиши ва унинг халқаро майдондаги нуфузининг ошиши кўплаб янгиланишлар манбаига айланади. Бу туркий тилли давлатларнинг кўп асрлик дўстлигини янада юқори босқичга кўтаришига ва унинг тарихида янги саҳифа очишига имкон яратади.
Шарофиддин Тўлаганов
ЎзА