Япония парламенти делегацияси билан учрашув

Олий Мажлис Сенатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевнинг Япония парламенти Вакиллар палатаси делегацияси билан учрашуви бўлиб ўтди.
Суҳбат давомида делегация аъзолари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида хабардор қилинди. Уларнинг амалий натижалари тадбиркорлик муҳити яхшиланишида, макроиқтисодий кўрсаткичлар барқарорлигида, хорижий мамлакатлар ва нуфузли халқаро молиявий тузилмаларнинг Ўзбекистон билан ҳамкорликни чуқурлаштиришга қизиқиши тобора ортиб бораётганида ўз аксини топмоқда.
Япониянинг молиявий-техник кўмаги туфайли Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш, таълим, энергетика, транспорт, телекоммуникациялар каби соҳаларда қатор ижтимоий аҳамиятга молик ва инфратузилмавий лойиҳалар амалга оширилди.
Учрашувда олиб борилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосини яратиш ва такомиллаштиришда парламентнинг роли ошиб бораётгани қайд этилди. Шу муносабат билан Ўзбекистон – Япония ўртасида парламентлараро мулоқотни фаоллаштириш парламент аъзолари ҳамкорлиги механизмини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди. Бу жараёнларда “Олий Мажлис – Япония парламенти” парламентлараро гуруҳи, Япониянинг Ўзбекистон билан дўстлик парламент лигаси ва “Япония – Ўзбекистон демократик партияси” дўстлик лигаси алоҳида роль ўйнайди.
Икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, шу жумладан, Ўзбекистон ва Япония ўртасида парламентлараро ҳамкорликни чуқурлаштириш, шунингдек, минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди.
– Биз Ўзбекистонга Япония сиёсатида муҳим ўрни бўлган мамлакат сифатида қараймиз, – деди Япония Вакиллар палатаси аъзоси Карэн Макишима. – Бугун бир қатор диққатга сазовор жойларда бўлдик. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқига японларнинг хотирасига ҳурмат билан муносабатда бўлгани учун миннатдорлик билдирмоқчиман. Ушбу ташриф япониялик тадбиркорлар учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон ва Япония ҳамкорлиги халқаро ва минтақа кун тартибидаги барча масалалар бўйича юксак даражада стратегик шерикликни ўз ичига олади.
Учрашув якунлари бўйича томонлар бундан буён ҳам икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун барча саъй-ҳаракатни ишга солишга тайёр эканини билдирди.

 

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА